Наманган вилоятининг Косонсой туманида ҳайдовчи Damas’да 25 нафар бола ва бир нафар аёлни олиб кетаётгани аниқланди.

ЙҲХХ матбуот хизматининг хабар қилишича, ушбу автомобиль 23 апрель куни “Жар” маҳалласи ҳудудида ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган. Текширув давомида автомобиль салонида меъёрдан ортиқ йўловчилар олиб кетилаётгани аниқланган.
Ҳайдовчининг маълум қилишича, у болаларни шу маҳаллада жойлашган хусусий боғчага олиб бораётган бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Бу каби ҳолатлар биринчиси эмас. 2024 йил апрелида Қарши шаҳрида 25 нафар болани олиб кетаётган Damas ЙПХ ходими томонидан тўхтатилганди. Ўша йилнинг сентябрида Андижонда Damas ҳайдовчиси йўловчи ташиш қоидасини бузиб, 32 нафар болани мактабгача таълим ташкилотига олиб кетаётгани аниқланган.
2023 йил сентябрда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида боғча мудираси 25 нафар болани ўз Spark’ида олиб кетаётганида тўхтатилганди. Бундан ташқари, Сурхондарёда ҳам ҳайдовчи Damas’да 25 нафар боғча боласини олиб кетаётгани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)