Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун жарима баллари 2025 йил 1 майдан бошлаб кучга кирмайди.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошовнинг маълум қилишича, жарима балларини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат белгиланган тартибда ишлаб чиқилмоқда.
“Шу боис тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганидан сўнг, йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун бериладиган жарима балларининг ҳисобланиш муддати ва тартиби аниқ белгиланади”, дейди ЙҲХХ вакили.
Ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими
Ўзбекистонда ҳайдовчилар ҳуқуқбузарликлари учун жарима баллари тизими жорий этилиши ҳақида 2022 йилнинг февралида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинганди. Ўша йилнинг апрелида “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Унда ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилиши белгиланди.
Мазкур тизим 2022 йил 1 декабрда ишга тушиши керак эди. ЙҲХХ бу тизим кўзда тутилган санадан бошлаб тест режимида ишга тушурилишини, дастурий таъминот синовдан ўтказилиб, аниқланган хато ва камчиликлар тўлиқ бартараф этилгандан кейин ишга туширилиб, ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланишини билдирганди. Ўшанда Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгани, Олий Мажлис қонунчилик палатасининг масъул ходимлари билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилган ҳолда қонун лойиҳасини қайта такомиллаштириш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинганди.
Қонунчилик палатаси жарима баллари кўзда тутилган қонунни 2023 йил 28 ноябрда қабул қилди. Сенатда биринчи марта 2024 йил 16 августда куни кўриб чиқилиб, уни такомиллаштириш ва якунлаш учун Сенат ва Қонунчилик палатасининг келишув комиссиясига қайтарилди. 2025 йил 24 январда қонун қайта кўриб чиқилиб, маъқулланди.
2025 йил 20 февраль куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Қонун билан жарима баллари 12 баллдан ошган ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши белгиланди.
Ўшанда Зойир Йўлдошов ушбу тизим ишга тушиши бўйича “Дарё”га изоҳ бериб, қонун билан 1 ой муддатда “12 баллик тизим” бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилишини билдирганди.
Ҳайдовчиларга тайинланадиган 12 баллик жарима баллари фақат ЙПХ инспекторлари тузган баённомалар асосида шаклланади ва балларни ҳисоблаш тизими ЙҲХХда инсон омилисиз, автоматлаштирилган тарзда ҳисоб-китоб қилинади.
Изоҳ (0)