Тошкентда Tracker чорраҳани тартибга солаётган инспекторни уриб юборди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Воқеа 23 апрель куни содир бўлган. Tracker Дўрмон йўли ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасидаги чорраҳада хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторини уриб юборган.
Шифохонага олиб борилган инспекторга ўнг ва чап қўл кўплаб шилинмалари, чап чаноқ суягининг бир неча жойдан синиши, чап тизза соҳаси ва оёқ юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ташхиси қўйилган.
“Тирбандликнинг олдини олиш мақсадида чорраҳага чиқиб, унинг марказида ўзимга қулай жойни танладим. Учинчи қатордан келдими ёки тўртинчи қатордан, билмайман, Tracker келиб урди. Ўша ердаги ҳамкасбларим, Миллий гвардия, ҳаммаси келиб, биринчи тиббий ёрдамни кўрсатди”, дейди инспектор.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳрида 5 апрель куни юқори тезликда ҳаракатланган Malibu ҳайдовчиси ЙПХ ходимини “капот” устида судраб кетганди. 30 март куни Андижонда Spark автомобили ЙПХ ходимини босиб кетди. 15 апрелда Қашқадарёда ЙПХ ходимига фаол қаршилик кўрсатган ҳайдовчи қамоққа олинди.
Изоҳ (0)