Сурхондарё вилояти Денов туманида бир гуруҳ фуқаролар ЙПХ ходимига қаршилик қилиб, жанжал кўтаргани акс этган видео тарқалганди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошовнинг “Дарё” сўровига кўра аниқлик киритишича, ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларининг 99-бандини бузиб, қарама қарши бўлакдан ҳаракатланиб келган автомашинага йўл бермасдан ҳаракатлангани учун ходим Lacettiъни тўхтатган. Инспектор ҳайдовчи ҳужжатларини сўраганида тақдим этмасдан қариндошлари билан ходимларга қаршилик кўрсатган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши доирасида 3 нафар гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Ҳаёт Шамсутдиновнинг “Дарё” сўровига кўра маълум қилишича, ушланганларнинг икки нафари аёл киши.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Автомобиль жарима майдонига жойлаштирилган.
15 апрелда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида ЙПХ ходимига фаол қаршилик кўрсатиб, уни урган ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилганди. 19 апрель куни Тошкентда ЙПХдан қочиб, 5 та автомобилга шикаст етказган Gentra ҳайдовчиси ушланганди. Автомобильни бошқарган аёлнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)