Сурхондарё вилоятининг Денов туманида 32 нафар боғча боласини Damas’да ташиган ҳайдовчига чора кўрилди.
Вилоят ЙҲХБ матбуот хизматининг хабар қилишича, Damas автомобили тўхатиб текширилганда унда ҳайдовчи ва олд ўриндиқдаги аёл билан бирга жами 34 киши борлиги аниқланган.
Ходимлар кузатуви остида болалар боғчага қайтарилган. Ҳайдовчига нисбатан чора кўрилиб, автомобиль жарима майдонига жойлаштирилган.
Ҳолат юзасидан вилоят Мактаб ва мактабгача таълим бошқармасига тақдимнома киритилган.
23 апрель куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида ҳайдовчи Damas’да 25 нафар бола ва бир нафар аёлни олиб кетаётгани аниқланганди.
Бу каби ҳолатлар биринчиси эмас. 2024 йил апрелида Қарши шаҳрида 25 нафар болани олиб кетаётган Damas ЙПХ ходими томонидан тўхтатилганди. Ўша йилнинг сентябрида Андижонда Damas ҳайдовчиси йўловчи ташиш қоидасини бузиб, 32 нафар болани мактабгача таълим ташкилотига олиб кетаётгани аниқланган.
2023 йил сентябрда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида боғча мудираси 25 нафар болани ўз Spark’ида олиб кетаётганида тўхтатилганди. Бундан ташқари, Сурхондарёда ҳам ҳайдовчи Damas’да 25 нафар боғча боласини олиб кетаётгани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)