Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида ЙПХ ходимига фаол қаршилик кўрсатган Cobalt ҳайдовчиси қамоққа олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда икки ЙПХ ходими ва Cobalt ҳайдовчи ўртасида жанжал юзага келгани акс этган видео тарқалганди. Видеода ҳайдовчи ходимни мушт билан урганини ҳам кўриш мумкин.
Ғузор тумани ИИБ ЙҲХБ инспектори Шаҳзод Назаровнинг маълум қилишича, белгиланган ҳудудда хизмат олиб бораётганида Cobalt автомобили тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқланган йўл белгиси ўрнатилган жойда қолдириб кетилганини кўрган. Бир оздан сўнг ҳайдовчининг ўзи келган ва ходим ундан ҳужжатларини сўраганида тақдим қилмасдан, унинг қонуний талабларига бўйсунмасдан автомобилини ҳайдаб кетишга уринган.
Cobalt ҳайдовчиси ЙПХ ходимларига бўйсунмай, қочишга ҳаракат қилганини, уни автомобилдан тушириб олишгани учун жаҳли чиқиб қаршилик кўрсатиб, жанжаллашиб кетганини тан олган ва қилмишидан пушаймонлигини айтиб, кечирим сўради.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу модда билан айбдор деб топилган шахс БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (18 миллион 750 минг сўмдан 37,5 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)