Таниқли сўз устаси Шукрулло Исроиловга тегишли Mercedes-Benz русумли автомобиль ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан суд иши якунланди.
Судда маълум бўлишича, олиб қочилган автомобиль унинг фарзандига тегишли бўлган. Қизиқчи машина олиб қочилганини сезиши билан ички ишлар органларига хабар берган.
Транспорт воситаси Учтепа тумани Заргарлик кўчасида тўхтатилди. Транспорт воситаси ва уни бошқарган шахс жиноят-қидирув бўлими ходимларига топширилган.
Маълум бўлишича, транспорт воситасини 1998 йилда туғилган Шерзод исмли шахс унинг очиқ қолдирилганидан фойдаланиб, олиб қочган.
Шу машинани ҳайдаб кўришга қизиқардим. Машина очиқ турганди, олдида ҳеч ким йўқ эди, унга ўтириб ҳайдаб кетдим. Шаҳар айланиб, Учтепа туманидаги “мойка”нинг олдига бориб, тўхтаб турганимда ЙПХ ходимлари машинасида келиб ушлашди. Қилган ишимдан афсусдаман”, дейди автомобилни олиб қочган шахс.
Машинамни қулфламасдан, калитни ичида қолдириб, бир жойга кириб кетдим. Ишимни битириб қайтиб чиқсам, машинам йўқ. Ўзимча кимдир мен билан ҳазиллашгиси келибди, деб ўйладим. Кейин 102 га қўнғироқ қилдим. 10 дақиқада машинамни топиб беришди. Ҳурматли ҳамшаҳарлар, ҳушёр бўламиз, машинангизни умуман очиқ қолдирманг, дейди Шукрулло Исроилов.
Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган эди.
Судда қизиқчининг ўғли судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган. Суд ҳукми билан айбдор 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)