АҚШ Суриядаги саккизта оператив базасидан учтасини ёпади ва мамлакатдаги ҳарбийлари сонини 2000 дан 1400 нафаргача қисқартиради. Бу ҳақда Американинг икки юқори мартабали амалдорига таяниб Тhe Associated Press хабар берди.

Маълум қилинишича, Mission Support Site Green Village, МSS Euphrates ва яна бир кичикроқ объект базалари ёпилмоқда. Америкалик қўмондонлар 60 кундан кейин ҳарбийларни кўпроқ қисқартириш керакми ёки йўқлигини ҳал қилиши керак бўлади.
Экспертлар Сурияда камида 500 нафар америкалик аскар қолдиришни тавсия қилган, бироқ АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатда ҳар қандай америкалик аскар қолдирилишига “чуқур шубҳа билдирган”, деб ёзади NYT.
Ҳарбийлар сони камайишига қарамай, улар терроризмга, хусусан, ИШИДга қарши курашни давом эттириши таъкидланмоқда. АҚШ Суриядаги қўшинлари сонини 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумларидан сўнг оширган эди.
Исроил Суриянинг босиб олинган ҳудудларини тарк этмайди
АҚШ икки ой ичида Суриядан ўз қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқишни бошлаш нияти ҳақида Исроилни хабардор қилган. Исроил раҳбарияти Вашингтонни бу қарорни қайта кўриб чиқишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда. Чунки америкаликларнинг кетиши Туркиянинг минтақадаги мавқеининг кучайишига олиб келишидан хавотирда. Бироқ ҳозирча АҚШ маъмурияти ўз сўзида қатъий турибди, деб ёзади Ynet нашри
16 апрель куни Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац унинг мамлакати Ғазо сектори, Ливан ва Сурияда эгаллаб турган ҳудудлари устидан ҳарбий назоратни сақлаб қолиш ниятида эканини айтди.
Исроил мудофаа армияси ушбу “хавфсизлик зоналари”да қолади ва уларни яҳудий давлатини душман кучларидан ҳимоя қилиш учун буферга айлантиради, деган Кац.
Изоҳ (0)