Дунёда шундай майда қушлар борки, уларнинг оғирлиги бир нечта сув томчисидан ҳам енгилроқ. Уларнинг ўлчами кўзга унча ташланмаслиги мумкин, бироқ табиий гўзаллиги ва ўзига хос хусусиятлари билан ҳайратга солади. Қуйида энг митти ва энг енгил учта қуш ҳақида қизиқарли маълумотлар берамиз.

3-ўрин. Калтатумшуқ (Smicrornis brevirostris)

Калтатумшуқ Австралиядаги энг митти қушлардан бири. Унинг узунлиги 8-9 сантиметрдан ошмайди, вазни эса тахминан 6 граммни ташкил этади. Бу қушлар Австралиянинг турли ўрмонли ҳудудларида яшайди, айниқса эвкалипт ўрмонларида кўп учрайди. Улар дарахтлар соясида яшашни, жуфт-жуфт бўлиб ёки кичик гуруҳларда ҳаёт кечиришни хуш кўради.
Калтатумшуқ ташқи кўриниши ва ҳаёт тарзида оддийлик билан ажралиб туради: у дарахт шохларида ҳашаротларни овлайди, очиқ жойлардан қочади ва доимо сояда бўлишни афзал кўради.
2-ўрин. Сарғиш колибри (Selasphorus rufus)

Сарғиш колибри танасининг узунлиги атиги 8–8,5 сантиметр, вазни эса 2,9 дан 3,9 граммгача. Бу колибри Россияда кузатилган ягона колибри тури: 1976 йилда уни Ратманов оролида кўришган.
Сарғиш колибри эркаклари жуда ёрқин ва жозибали кўринишга эга: боши бронза-яшил тусда, бўйни оқ, патлари сарғиш-жигарранг ва томоғида қизил патлардан иборат ялтираган учбурчак мавжуд. Урғочилари эса оддийроқ кўринишга эга: уларнинг усти яшил тусда, қорни эса оқиш, ён томонлари сарғиш ва бўйнида енгил ялтираш бор.

Сарғиш колибрилар Шимолий Америкада яшайди: ёзда Калифорниядан Алясканинг жануби-шарқигача тарқалиб, қишда эса Мексикага учиб кетишади.
1-ўрин. Асалари колибри (Mellisuga helenae)

Бу митти жонзот сайёрамиздаги энг кичик қуш. Вояга етган эркагининг узунлиги атиги 5,5 сантиметр, урғочиси бир оз каттароқ — 6 сантиметр. Уларнинг вазни эса икки граммдан ошмайди, бу ярим чой қошиқ сув оғирлигига тенг.
Асалари колибри фақат Кубада яшайди. Нам ўрмонлар, лиана ўсимликлари орасидаги қалин буталар ва табиатнинг яширин бурчакларини яхши кўради. Уларнинг уяси шунчалик кичикки, диаметри икки сантиметрдан ошмайди, Бу ўлчам шиша қопқоғидан ҳам кичикроқ. Ҳар бир митти уяда одатда нўхатдек иккита тухум бўлади.

Асалари колибри фақат гул ширасидан озиқланади: кунига 1500 тага яқин гуллардан нектар йиғади. Бунинг сабаби уларнинг ғайриоддий тез модда алмашинувидадир. Асалари колибри юраги дақиқасига 500 марта уради. Кечаси эса уларнинг тана ҳарорати 43 даражадан 20 даражагача тушиб, ўзига хос “уйқу” ҳолатига кетади.
Эркак асалари колибрилар жуда ёрқин: танаси кўк ва мовий рангда ялтирайди, томоғи эса қизил рангда жилваланади. Урғочилари эса соддароқ: елкаси яшил, қорни кулранг-оқ тусда. Бугунги кунда ўрмонларнинг кесилиши сабабли асалари колибри йўқолиб кетиш хавфи остида турибди.
Қуш номи | Тана узунлиги (сантиметр) | Вазни (грамм) |
Асалари колибри | 5,5–6 | 1,5-2 |
Сарғиш колибри | 8–8,5 | 2,9–3,9 |
Калтатумшуқ | 8-9 | 6 |
Изоҳ (0)