Times газетаси ва YouGov компанияси ўтказган сўровнома натижаларига кўра, аксарият америкаликлар АҚШ президенти Дональд Трампнинг иқтисодий сиёсатини салбий баҳоламоқда.

Сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг атиги 27 фоизи Трамп маъмурияти томонидан жорий этилган божлар уларнинг фаровонлигини оширади деб ҳисоблайди ва фақат 16 фоизи божларни ошириш керак деб ўйлайди. Трампнинг иккинчи муддатидан буён йўл қўйган энг катта хатоси ҳақидаги саволга жавоб берар экан, респондентларнинг 25 фоизи божлар жорий этилишини тилга олишган.
Бундан ташқари, респондентларнинг атиги 11 фоизи Трамп Оқ уйга келганидан кейин фаровонлиги яхшиланганини айтган. Шу билан бирга, 23 фоиздан кўпи иқтисодиётнинг ҳолатини “аъло” ёки “яхши” деб баҳолаган. Америкаликларнинг учдан бир қисмидан камроғи бир йилдан сўнг фаровонлиги яхшиланишини кутмоқда.
Айни пайтда энг муҳим муаммолар қаторида респондентларнинг 25 фоизи инфляцияни, 15 фоизи меҳнат бозори ҳолатини қайд этган. Кейинги ўринларда демократия ҳолати (13 фоиз), миграция (9 фоиз) ва солиқлар (9 фоиз) келтирилган.
Умуман олганда, респондентларнинг 39 фоизи Трамп фаолиятини ижобий, 51 фоизи эса салбий баҳолаган.
Сўров 21-23 апрель кунлари 1296 нафар америкалик ўртасида ўтказилган. Сўровноманинг статистик хатолиги 3,1 фоиз пунктни ташкил этади.
Якшанба куни бир қатор телеканаллар, шунингдек, Washington Post ва New York Times газеталари сўровномаларни эълон қилди. Уларга кўра, божлар жорий этилиши фонида Трампнинг рейтинги пасайган. Хусусан, Washington Post — ABC News — Ipsos сўрови шуни кўрсатдики, респондентларнинг 55 фоизи унинг ишини маъқулламайди. Бу 1945 йилдан бери президентлик муддатининг дастлабки 100 кунида президентлар орасида рекорд даражадаги паст кўрсаткичдир. New York Times ва Siena коллежи ўтказган сўров натижаларига кўра эса Трампни маъқуллаш рейтинги 42 фоизни ташкил этган.
Трамп бунга жавобан Америка ОАВларини танқид қилиб, жамоатчилик фикри сўровларида фирибгарлик қилишда айблади ва мамлакатда эркин ва ҳалол матбуот қолмаганини таъкидлади.
Изоҳ (0)