Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Кашмирда содир бўлган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани, жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Президент қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Ҳиндистон халқига самимий ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади. 22 апрель куни Ҳиндистон шимолидаги Жамму ва Кашмир ҳудудида содир бўлган отишмада ўнлаб сайёҳлар ҳалок бўлди.
Фожиа Пахалгам шаҳрида юз берган. Сайёҳлар Бойсарон водийсидаги сўқмоқ бўйлаб кўтарилаётганда, қуролланган шахслар уларга қарата ўт очган. Камида 27 киши, жумладан, икки нафар чет эллик ҳалок бўлгани маълум. Отишмадан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва тиббиёт ходимлари воқеа жойига етиб келган. Маҳаллий ҳокимият ҳодисани теракт деб баҳоламоқда.
Айни пайтда Саудия Арабистонида бўлган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди мамлакат ички ишлар вазири Амит Шоҳ билан телефон орқали боғланиб, ундан зудлик билан чоралар кўришини ва воқеа жойига боришни сўраган. Шоҳ терактга алоқадор шахслар жазосиз қолмаслигини таъкидлаган. У Жамму ва Кашмирга “барча идоралар билан хавфсизлик масалалари бўйича шошилинч йиғилиш” ўтказиш учун йўл олганини айтган.
Изоҳ (0)