Жиззах вилоятида кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши бошланди. Бу ҳақда “Узатом” агентлиги хабар берди.

Келтирилишича, 15 апрель куни Жиззахда РITМ-200Н реакторига эга кичик қувватли атом электр станцияси (КҚАЭС) лойиҳасини амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж базаси (ҚМБ) қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳа Россиянинг илғор технологияларини ўзида мужассам этган ҳолда Жиззах туманида жойлашган бўлиб, минтақа энергетика инфратузилмасини ривожлантиришда янги босқични белгилайди.
АЭС қурилиши дирексияси директори ўринбосари Отабек Аманов лойиҳа жамият учун юқори даражада очиқлик ва хабардорликни ошириш учун хизмат қилишини таъкидлаган.
“Биз ушбу лойиҳа жамият учун юқори даражада очиқлик ва хабардорликни ошириш учун хизмат қилади, деб ишонамиз. Бу эса барча томонлар учун ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди. РИTМ-200Н реакторига эга кичик қувватли атом станцияси синовдан ўтган технологиялар ва авариясиз ишлаш тажрибасига асосланиб, экологик тоза энергиянинг ишончли манбаи бўлади. Ихчамлиги, юқори хавфсизлик даражаси ва самарадорлиги РИTМ-200Н ни минтақа энергетикасини барқарор ривожлантириш учун идеал ечимга айлантиради”, дейди у.
Россия КҚАЭС лойиҳаси Ўзбекистонни ўнлаб йиллар давомида кафолатланган электр энергияси билан таъминлаши ва минтақа ривожланиши учун энергетик асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилган.
АЭС энергия мустақиллигини таъминлашда янги имконият
Маълумотларга кўра, дунёда биринчи бўлиб Россияда 1954 йилда қуввати 6 МВт бўлган АЭС ишга туширилган. Орадан 70 йилдан ортиқ вақт ўтиб, АЭС имкониятларидан фойдаланадиган мамлакатлар сони анчага кўпайди.
Бугунга келиб дунёнинг 32 та мамлакатида умумий қуввати жами 377 ГВт бўлган 417 та атом реакторлари фаолиятини давом эттирмоқда. Шунингдек, 61 та атом реакторлари қурилиш жараёнида.
АЭС қурган ва улардан тўлиқ фойдаланаётган мамлакатлар рўйхатига Япония, Жанубий Африка, Жанубий Корея, Швеция, Швейцария, Франция, Туркия, АҚШ, Россия, Покистон, Эрон, Хитой, Ҳиндистон, Германия, Англия, Беларусь ва бошқа давлатлар киради. Айнан шу давлатлар қурилган АЭС ҳисобига ўзларининг энергия мустақиллигини таъминлаган ҳамда иқтисодий ўсишда сезиларли натижаларга эришган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳам кўплаб ривожланган мамлакатлар қатори замонавий АЭС қуриш борасида бир қанча лойиҳаларни бошлаган эди. Куни кеча давлат раҳбарига мазкур масалага дахлдор бўлган масъуллар томонидан республикада атом энергетикасини ривожлантиришга қаратилган вазифалар ижроси юзасидан ахборот берилди.
АЭСда ишлаб чиқарилган электр энергияси нархи анъанавий энергия ресурсларига (газ, кўмир, мазут) нисбатан барқарор, арзон, экологик тоза электр манбаи ҳисобланади.
Шу билан бирга АЭСларнинг углеводородли ёқилғи қўлланиладиган анъанавий электр станцияларига нисбатан яна бир афзаллиги кам ҳажмдаги ёқилғи сарф қилган ҳолда улкан миқдорда энергия ишлаб чиқариш хусусиятига эга эканлиги.
Атом электр станцияларини қуриш истиқболли лойиҳа бўлиб, келажак авлод учун энергия хавфсизлигини таъминлашда муҳим замин яратади.
Изоҳ (0)