АҚШ президенти Дональд Трамп ноқонуний муҳожирлар учун “ўзини ўзи депортация қилиш” дастури ишга тушишини айтди. Бу ҳақда NBC News хабар берди.

Ташаббусга кўра, муҳожирларга стипендия ва мамлакатни ихтиёрий тарк этиш учун авиачипта таклиф этилади. Трамп мазкур дастурда қатнашиб, “ўзини яхши тутган” муҳожирларга келажакда АҚШга қайтиш имконияти берилиши мумкинлигини айтди.
Биз уларга озгина пул ва самолёт чиптасини берамиз, кейин улар билан ишлаймиз. Агар улар ўзларини яхши туцалар ва биз уларнинг қайтишини истасак, уларни иложи борича тезроқ қайтаришга ҳаракат қиламиз, деди сиёсатчи.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ихтиёрий депортацияни тарғиб қилиш мақсадида реклама кампаниясини йўлга қўйди. Трамп маъмурияти АҚШ тарихидаги энг йирик депортация операциясини тайёрламоқда. Жумладан, йилига бир миллионгача одамни мамлакатдан чиқариб юбориш режалаштирилган. Мамлакатдаги ноқонуний муҳожирларнинг умумий сони эса тахминан 11 миллионга баҳоланмоқда. Бироқ бундай кенг қамровли режаларни амалга оширишда ҳуқуқий ва молиявий қийинчиликларга дуч келиниши мумкин.
АҚШда ноқонуний бўлиб турганларнинг депортация қилиниши
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ноқонуний мигрантларни судсиз депортация қилишга рухсат берган. Трамп сайловолди кампаниясидаёқ муҳожирларни оммавий депортация қилишга ваъда берган. 2025 йил февралида Коста Рика Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон ва Ҳиндистон каби давлатларнинг АҚШдан депортация қилинган 200 нафар фуқаросини қабул қилишга рози бўлди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов дипломатик ваколатхоналар Ўзбекистоннинг барча фуқароларига, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар томонлама ёрдам кўрсатишини айтди. 2025 йил февралида 7 нафари Нью Йорк—Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга олиб келинди. Март ойи бошларида яна 10 нафар фуқаро АҚШдан Ўзбекистонга қайтарилди.
Депортация қилинадиган Ўзбекистон фуқаролари сони 975 кишини ташкил этмоқда. Умумий ҳисобда, турли давлатлардан 1 445 549 нафар чет эл фуқароси чиқариб юборилади. АҚШдан 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача Ўзбекистонга 572 киши депортация қилинган.
АҚШда мигрантлар учун ўз-ўзини депортация қилишга мўлжалланган илова ишга туширилган. CBP Home деб номланган мобил илова ноқонуний мигрантларга ҳибсга олинмасдан, мамлакатни мустақил равишда тарк этиш имконини беради. Улар кейинчалик қонуний равишда қайтиб келиши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)