Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ўртасидаги учрашувда Россия ва Украина ўртасидаги тўғридан-тўғри музокараларни қайта бошлаш имконияти муҳокама қилинди. Бу ҳақда Россия раҳбарининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

Ушаковнинг аниқлик киритишича, Путин ва Уиткофф ўртасидаги суҳбат Россия ва АҚШнинг нафақат Украина, балки бошқа бир қатор масалалар бўйича позицияларини яқинлаштирган. Унинг сўзларига кўра, учрашувда, хусусан, Москва ва Киев вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни қайта тиклаш имконияти муҳокама қилинган.
“Россия ва АҚШ президентлари ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, турли даражадаги самарали Россия-Америка мулоқоти бундан кейин ҳам энг фаол режимда амалга оширилади”, деди Ушаков.
Путин ва Уиткофф учрашуви 25 апрель куни Москва вақти билан соат 14:30да бошланган. Музокараларда Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ) раҳбари, Россия Федерацияси президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев ва Ушаков ҳам иштирок этган.
“Уч соатлик суҳбат бўлиб ўтди. У конструктив ва жуда фойдали хусусиятга эга бўлди. Бу суҳбат Россия ва АҚШ позицияларини нафақат Украина масаласида, балки бир қатор бошқа халқаро масалаларда ҳам янада яқинлаштиришга имкон берди”, деди Ушаков.
Бу Уиткоффнинг сўнгги уч ой ичида Россияга тўртинчи ташрифи ва АҚШ президентининг махсус вакили ва Путин ўртасидаги учинчи учрашув ҳисобланади.
11 апрель куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган учрашувда Уиткофф ва Путин Украинадаги можарони ҳал қилиш масалаларини муҳокама қилган эди. Ўшанда Россия президенти АҚШдан доимий тинчликни таъминлашни сўраганди.
18 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп агар можаро томонларидан бири музокараларни атайлаб қийинлаштирса, Вашингтон Украина бўйича тинчлик жараёнида иштирок этишни тўхтатиши ҳақида огоҳлантирди. 22 апрель куни Трамп можарони ҳал қилиш бўйича ўз муддатлари борлигини, муддат тугагач, бу борадаги позициясини қайта кўриб чиқишини айтди. Шу билан бирга, АҚШ президенти Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишувига эришиш учун яхши имконият бор деб ҳисоблайди.
Неw Ёрк Пост хабарига кўра, Трамп уч кун ичида Украинадаги вазиятни ҳал қилиш бўйича тинчлик режасини тақдим этиши мумкин. Газетанинг АҚШ маъмуриятидаги манбасининг аниқлик киритишича, режа Европа тинчликпарвар кучларини Украина ҳудудига жойлаштиришни ўз ичига олиши мумкин. Бундан ташқари, ўт очишни тўхтатишга риоя этилишини кузатиш учун алоҳида тинчликпарвар кучларни ташкил этиш имконияти муҳокама қилинмоқда.
Изоҳ (0)