Ҳиндистон шимолидаги Жамму ва Кашмир ҳудудида содир бўлган отишмада ўнлаб сайёҳлар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ҳиндистон мудофаа вазирлиги ва хавфсизлик хизматлари манбаларига таяниб News18 телеканали хабар берди.

Фожиа Пахалгам шаҳрида юз берган. Сайёҳлар Бойсарон водийсидаги сўқмоқ бўйлаб кўтарилаётганда, қуролланган шахслар уларга қарата ўт очган. Камида 27 киши, жумладан, икки нафар чет эллик ҳалок бўлгани маълум. Отишмадан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва тиббиёт ходимлари воқеа жойига етиб келишган. Маҳаллий ҳокимият ҳодисани теракт деб баҳоламоқда.
Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида икки нафар чет эллик ҳам бор. Мамлакат расмий идоралари ҳозирча қурбонлар ва жабрланганлар сонини эълон қилмади.
Айни пайтда Саудия Арабистонида бўлган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди мамлакат ички ишлар вазири Амит Шоҳ билан телефон орқали боғланиб, ундан зудлик билан чоралар кўришини ва воқеа жойига боришни сўраган.
“Терроризмга қарши курашиш борасидаги қатъиятимиз мустаҳкам ва янада кучаяди”, деб ёзди Моди Х ижтимоий тармоғида.
Ўз навбатида, Шоҳ терактга алоқадор шахслар жазосиз қолмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, у Жамму ва Кашмирга “барча идоралар билан хавфсизлик масалалари бўйича шошилинч йиғилиш” ўтказиш учун йўл олган.
Гувоҳларнинг айтишича, сайёҳларга ҳарбий кийимдаги бир неча киши ҳужум қилган. Улар қочиб кетишга муваффақ бўлишган. Ҳиндистон хавфсизлик кучлари ҳудудни ўраб олган, жиноятчилар қидирилмоқда. Шунингдек, теракт учун жавобгарликни “Қаршилик фронти” гуруҳи ўз зиммасига олгани хабар қилинмоқда.
Апрель ойи бошида Бирлашган Араб Амирликларида сайёҳлар бўлган аэростат қулаб тушиши натижасида икки нафар чет эллик сайёҳ ҳалок бўлди, яна бир неча киши жароҳат олганди.
Изоҳ (0)