Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги биринчи шоколад музейи очилди. Янги музей пойтахтнинг “Наврўз” боғида жойлашган. Бу ерда сиз шоколад тарихи, санъати ва мўжизаси билан юзма-юз бўласиз.

Экспонатлар орасида Ўзбекистон ва дунёнинг машҳур меъморий ёдгорликларининг шоколад миниатюралари, таниқли тарихий шахсларнинг ҳайкаллари мавжуд. Экспозицияда 19 та объект намойиш этилган бўлиб, улардан 16 таси музей усталари томонидан қўлда ясалган шоколадли ҳайкаллардир.
Музейдаги экспонатларни ясаш учун 850 килограмм шоколад ишлатилган, улар орасидан 2 та иншоот оқ шоколаддан ясалган. Ҳар бир фигура учун камида бир ҳафта меҳнат сарфланган. Барча ҳайкаллар махсус шоколадли қоплама билан қопланган бўлиб, бу уларни бир йилгача асл ҳолида сақлаш имконини беради.
Музейни очилишидан асосий мақсад — миллийлигимизни шоколад санъати орқали кўрсатиб беришдан иборат. Бу ерда асосан сайёҳлар кўп борадиган машҳур жойлар миниатюралари, миллий архитектурамиз ва тарихий шахсларнинг экспонатлари мавжуд. Уларни тайёр ҳолатга келтиргунча 5 ой муддат кетди. Музей янги очилганига қарамасдан кунига 100 га яқин киши томошага келяпти. Туристлар асосан ўзимизнинг тарихий обидаларимизга қизиқиш билдирмоқда. Кўпчиликни қизиқтирган савол, “шоколад эриб кетмайдими?” дейишади. Йўқ, экспонатлар 35°C гача бўлган ҳароратга дош бера олади, деди музей ходими.
Ҳар бир экспонат ўзига хос тарихга эга. Музейда сиз шоколадли деворий тасвирлар билан ҳам танишасиз. Чунки шоколад тарихи қадимги дунё тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Бу ерда Ўзбекистоннинг мўжизавий иншоотларидан тортиб, дунё архитектурасининг энг машҳур биноларигача барчасини кўришингиз мумкин. Энг асосийси улар шоколаддан тайёрланган.
Колизей, Италия

Колизей — қадимги Римдаги энг машҳур амфитеатр бўлиб, милодий 80 йилда қурилган. У минглаб томошабинлар сиғадиган улкан арена. Амфитеатр асрлар давомида гладиатор жанглари ва бошқа томошаларга мезбонлик қилган.
Музейдаги шоколадли Колизей ҳайратланарли даражада аниқ деталлар билан ишланган. Рим архитектураси билан шоколад санъати уйғунлашиб, томошабинни нафақат тарих, балки санъат билан ҳам лол қолдиради.
Тож Маҳал, Ҳиндистон

Дунёнинг энг машҳур меъморий асарларидан бири бўлган Тож Маҳал Ҳиндистонда, Агра шаҳрида жойлашган. Бу обида Бобурийлар ҳукмдори Шоҳжаҳон томонидан севимли рафиқаси Мумтоз Маҳал хотирасига қурилган бўлиб, абадий муҳаббат тимсолига айланган.
Шоколаддан ясалган миниатюрада бу иншоотнинг оқ мармардан ишланган нафис шакли, миноралари ва марказий гумбази аниқ ифодаланган.
Амир Темур

Буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур – ўрта асрлар Шарқининг энг кучли ҳукмдорларидан бири. Унинг юришлари, сиёсати ва маданиятга қўшган ҳиссаси Ўзбекистон тарихида муҳим ўрин эгаллайди.
Шоколаддан ясалган ҳайкалда Темурнинг қатъий нигоҳи, салобатли қиёфаси акс этган. Бу ҳайкал – ширинликда ифодаланган буюклик рамзидир.
Пиза минораси, Италия

Италиянинг Пиза шаҳрида жойлашган Пиза минораси дунё меъморчилик мўжизаларидан бири саналади. XIII асрда қурилган бу иншоот ўзининг табиий равишда қиялашган ҳолати билан машҳур бўлиб, бутун дунё сайёҳларини ўзига тортиб келади.
Шоколаддан ясалган миниатюра музейда айнан шу қияликни, юмалоқ шакл ва устунларни жуда аниқ ифода этган. Ҳар бир қават, ҳар бир безак – усталарнинг синчковлик билан ишлаганини кўрсатади. Бу ширин экспонат томошабинга Италия афсонасини ўзига хос кўринишда, шоколад орқали ҳис қилиш имконини беради.
Озодлик ҳайкали, АҚШ

Озодлик ҳайкали — АҚШнинг энг таниқли рамзларидан бири бўлиб, эркинлик ва умид тимсоли сифатида танилган. Бу ҳайкал 1886 йилда Франциядан совға сифатида Америкага олиб келинган ва Нью-Ёрк бандаргоҳида қад ростлаган.
Шоколаддан ишланган миниатюра эса унинг барча элементларини — тожлари, машъаласи, қўлидаги китоб ва ҳайкалнинг муҳташам ҳолатини майда деталларигача жонлантириб берган. Ушбу экспонат музейдаги энг қизиқарли хорижий обидалардан бири бўлиб, санъат ва ширинликнинг бетакрор уйғунлигидир.
Жалолиддин Мангуберди

Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги султони Жалолиддин Мангуберди – жасорат, ватанпарварлик ва мардлик тимсоли. У мўғулларга қарши юритган курашлари билан тарих саҳифаларида ўчмас из қолдирган.
Шоколадли ҳайкалда унинг қаҳрамонона руҳи, қатъий қиёфаси ва қиличи ёрқин тарзда акс эттирилган.
Тиллақори мадрасаси, Самарқанд

Самарқанддаги Тиллақори мадрасаси Регистон мажмуасининг энг нафис ва серҳашам иншоотларидан бири. XVII асрда Ялангтўш Баҳодир томонидан бунёд этилган бу мадраса ўзининг безакли деворлари ва олтин сувоқ билан безатилган масжиди билан машҳур. Унинг ички қисмидаги гумбаз ва деворлар шарқ меъморчилигининг чинакам мўжизаси саналади.
Шоколаддан ясалган миниатюра бу нафисликни ажойиб тарзда акс эттиради: гумбазлар, пештоқдаги мураккаб нақшлар ва симметрик шакллар – барчаси ширин санъат орқали кўрсатилган.
Бароқхон мадрасаси, Тошкент

Бароқхон мадрасаси — Тошкентдаги энг қадимий ва муҳташам диний-маърифий обидалардан бири бўлиб, XVI асрда Шайбонийлар даврида қурилган. Ушбу мадраса ўзининг нафис кошинлари, мувозанатли меъморий тузилиши ва илм-маърифат ўчоғи сифатидаги тарихий ўрни билан ажралиб туради. Айнан шу ерда машҳур Қуръон қўлёзмаси ҳам узоқ вақт сақланган.
Эндиликда бу тарихий ёдгорлик шоколад шаклида музейда мавжуд. Шоколаддан ясалган Бароқхон мадрасаси миниатюраси ҳайратланарли даражада батафсил: пештоқдаги мураккаб геометрик нақшлар, гумбазлар ва эшик ўймаларигача эътибор билан ишланган. Ҳар бир бурчакда ўзига хос шарқона руҳ сақланиб қолган.
Калта Минор, Хива

Хива шаҳрининг тарихий марказида жойлашган Калта Минор — ўзининг ноодатий тўлиқ қурилмаган ҳолати билан машҳур. Миноранинг баландлиги 26 метр бўлиб, тўлиқ қурилганида у 70 метрдан ошиши керак эди.
Усталар шоколаддан ясалган миноранинг кенг тузилмаси, сирли кошин ранглари ва юмалоқ шаклини синчковлик билан ифодалаган. Макетда ҳар бир детал ўз ўрнида — пештоқ безакларидан тортиб, сиртларигача аниқлик билан акс эттирилган. Бу экспонат нафақат ширинлик, балки тарихий меъморчиликка бўлган эҳтиром рамзидир.
Бундан ташқари, музейда Эйфель минораси, Хитойдаги терракота қўшинлари, Ўзбекистон давлат байроғи ва Алишер Навоийга оид шоколадли экспонатлар ҳам бор.
Музей ичида шоколад ишлаб чиқариш цехи ҳам мавжуд. У орқали меҳмонлар шоколад ишлаб чиқариш жараёни — какао дуккакларини қайта ишлашдан тортиб, уларни тайёр шоколад массасига айлантиришгача бўлган жараённи кузатишлари мумкин.
Туристлар ва маҳаллий халқ учун барча экспонатларнинг маълумотлари 3 тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида ёзиб қўйилган.
Келгусида музейда шоколад маҳсулотлари тайёрланадиган маҳорат дарслари учун майдон очилиши режалаштирилган.
Музей дам олиш кунларисиз соат 9:00 дан 18:00 гача ишлайди.
Изоҳ (0)