Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, томонлар икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилган. Учрашув давомида олий даражада эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, давлат раҳбарлари томонидан белгиланган иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, маданий ва гуманитар боғлиқликларни чуқурлаштириш ҳамда кўп томонлама тузилмалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш бўйича берилган топшириқларни амалга оширишда ташқи сиёсат идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинган.

Шунингдек, томонлар таълим, инновациялар, инфратузилма, минтақавий хавфсизлик каби устувор йўналишларда ҳамкорликни кучайтиришга урғу берган.
Йиғилиш давомида икки мамлакат ўртасидаги инвестиция оқимларини ошириш, бизнес алоқаларни фаоллаштириш йўллари муҳокама қилинган.

Маълумот учун, Россия Ташқи ишлар вазири Самарқандда икки кунлик расмий ташриф билан бўлиб турибди. Бугун, 23 апрель куни у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашув аввалида Лавров давлат раҳбарига Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбатда Ўзбекистон—Россия дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқанддаги “Мотамсаро она” ёдгорлигида рус тилидаги ёзув йўқлигига эътибор қаратган эди. Жамоатчилик Россия ТИВ вазирининг сўзларига кескин жавоб қайтармоқда.
Изоҳ (0)