Россиянинг “Газпром” компаниясининг газ қазиб олиш ҳажми 2022 йилги 412,9 миллиард кубометрдан 2023 йили 13 фоизга (359 млрд кубометр) тушди. Бу ҳақда корпорациянинг йиллик ҳисоботига таяниб, “Корреспондент.нет” хабар берди.
Ҳисоботга кўра, 2021 йилда қазиб олинган газ миқдори 515 миллиард кубометрга етган, сўнгги икки йилда эса бу кўрсаткич 30 фоизга пасайган. “Газпром” томонидан Россия ҳудудида нефть ва газ конденсати олиниши 2022 йилдаги 67,9 миллион тоннадан 2023 йилда 6,6 фоизга (72,38 миллион тонна) ўсган.
Компания 2023 йил ички ва ташқи бозорларда 342 миллиард кубометр газ сотган, бу аввалги йилга нисбатан 10 фоизга кам. Ўшанда 379,8 миллиард кубометр газ экспорт қилинганди. 2023 йилда қўшни бозорларга газ етказиб беришнинг умумий ҳажми 2022 йил даражасида сақланиб қолган.
2023 йил “Газпром” 629 миллиард рубль соф зарар кўрди, бу даромаднинг 27 фоизга камайганини кўрсатади. Шу сабабли компания Москва ва Москва вилоятидаги йирик кўчмас мулк объектлари учун харидорлар қидираётганини эълон қилди. Сотиладиган объектлар қаторига Строителей кўчасидаги офис бинолари, Первомайское қишлоғидаги Imperial Park Hotel & Spa санаторий мажмуаси, Новочеремушкинская кўчасидаги объект ва компаниянинг Москвадаги бош офиси яқинидаги 96 та автотураргоҳ киради.
Изоҳ (0)