Ўзбекистон Қозоғистон ҳудуди оқрали Россиядан табиий газ импортини қарийб тўрт баробарга ошириш ниятида. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлигига таяниб, “ТАСС” хабар берди.
“Ўтган йили давлатимиз раҳбари (президент Қосим-Жўмарт Тўқаев) иштирокида мамлакатимиз ҳудуди орқали Ўзбекистонга йилига 3 миллиард куб метргача Россия газининг транзити йўлга қўйилди”, – деди Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев.
Таъкидланишича, 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонга газ транзити ҳажмини тўрт баробарга — 11 миллиард куб метргача ошириш режалаштирилган.
“Ўзтрансгаз” Россиядан газ импортини ошириш мақсадида магистрал газ қувурларини модернизация қилиш дастурини амалга оширади. Буни амалга ошириш учун биринчи босқичда 2024—2030 йилларда 500 миллион доллар ажратиш режалаштирилган. Шу орқали табиий газ қабул қилишни кунига 32 миллион куб метргача ошириш кўзда тутилган. Лойиҳа хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштирилади.
“Газпром” Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон билан 2024 йилда ўрта муддатли 15 йиллик шартномалар тузади. МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммитидан сўнг Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари 26 декабрь куни кечқурун Санкт-Петербургда газ соҳасидаги ҳамкорликни алоҳида муҳокама қилди.
- 27 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин ва “Газпром” раҳбари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
- 1 ноябрь куни халқаро газ форумида Қозоғистон ҳукумати ва “Газпром” ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича узоқ муддатли, 15 йилгача мўлжалланган режаларни амалга ошириш бўйича стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
- 7 октябрь куни Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди орқали “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали Ўзбекистонга транзит қилишни бошлади. Россия гази Ўзбекистонга Қозоғистон орқали транзит йўл билан киради, ёқилғининг бир қисми Қозоғистонда қолади.
Изоҳ (0)