S&P Global Ratings агентлиги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли суверен кредит рейтингини яна BB- (барқарор кутилма) даражада тасдиқлади.
Агентлик экспертлари мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш давом этаётганини ва ҳукуматнинг бюджет тақчиллигини камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этиб ўтди. Хусусан, ҳукумат энергия субсидияларини камайтириш ва 2027 йилга бориб соҳада таннарх даражасига эришиш мақсадида электр ва газ тарифларини босқичма-босқич қайта кўриб чиқмоқда.
Субсидиялар харажатларининг камайиши ва олтин нархининг юқори бўлиши келгуси уч йил ичида бюджет тақчиллигини ЯИМнинг 5 фоиздан 3,5 фоизигача пасайишига ёрдам беради. Фискал сиёсат, шунингдек, пул ўтказмалари оқими иқтисодий ўсишни барқарор бўлишини таъминлайди.
Иқтисодий ўсиш суръати сентябрь охирида 6,6 фоизни ташкил этди, бу аввалги уч йилдаги ўртача кўрсаткичга (6,8 фоиз) тўғри келади. S&P Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотдаги инвестиция улуши (34 фоиз) бўйича етакчи давлатлар қаторидан жой олганини инобатга олиб, ўсиш суръатлари давом этишини прогноз қилмоқда. Бироқ ўсиш суръати 2025 йилдан бошлаб 5,5 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида инвестициялар биринчи навбатда энергетика, транспорт, телекоммуникация тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва туризмга йўналтирилмоқда. Шунингдек, энергия истеъмолидаги улушини 40 фоизга ошириш режалаштирилган “яшил” энергияга ҳам алоҳида аҳамият берилади. Бу борадаги аксарият лойиҳалар давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда.
Давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва ЖСТга аъзо бўлиш инвестицион фаоллик ўсишининг қўшимча омилларига айланиши мумкин. Шу билан бирга, иш ҳақи оширилиши, пул ўтказмалари оқими, солиқ имтиёзлари ва бошқа давлат имтиёзлари юқори энергия тарифлари ва қарз ставкаларига қарамай истеъмолни сақлашга ёрдам беради.
Шу билан бирга, аҳоли жон бошига ЯИМ нисбатан пастлигича қолмоқда — жорий йил якунида у 2900 АҚШ долларини ташкил қилиши кутилмоқда.
S&P Global Ratings’га кўра, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ундан кейинги йилларда қуйидагича бўлиши кутилмоқда:
- 2025 йилда — 3 100 доллар;
- 2026 йилда — 3 300 доллар;
- 2027 йилда — 3 500 доллар.
Аҳоли таркибида ёшлар улушининг кўплиги ўсиш учун имкониятлар яраца-да, бандлик муаммолари қийинчилик туғдириши мумкин.
Прогнозларига кўра, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси умумий аҳоли сонига нисбатан:
- 2024 йилда — 6,5 фоиз;
- 2025 йилда — 6,4 фоиз;
- 2026 йилда — 6,2 фоиз;
- 2027 йилда — 6 фоиз бўлиши кутилмоқда.
Жорий йилда пул ўтказмаларининг 78 фоизи Россиядан келиб тушган, шу билан бирга Германия, Польша ва Жанубий Корея каби бошқа давлатлардан пул ўтказмалари улуши ортган.
Ғарб санкциялари ва ўтган йили “Газпром” билан газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолангани туфайли Россия билан товар айирбошлаш тўққиз ойда 26 фоизга ошган. Шу билан бирга, Ўзбекистон иккиламчи санкциялар хавфи остида қолмоқда, бу Россия билан ишлайдиган бир неча компанияларга таъсир этишга улгурди.
Кредит рейтинги аслида нима?
Кредит рейтинги – бу бир рақам ичига киритилган турли кўрсаткичлар тўплами бўлиб, у мамлакатнинг муайян ҳудудидаги вазиятни тавсифлашга мўлжалланган. Рейтинг мамлакат иқтисодиётида содир бўлаётган воқеаларни кўрсатувчи ўзига хос барометрдир. Сармоядорлар мамлакатга сармоя киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилишда кўплаб омилларга, жумладан, ушбу рейтингларга ҳам эътибор беради.
S&P’нинг рейтинг шкаласи “ААА” дан “D”гача бўлиб, “ААА” энг юқори баҳони англаца, “D” эса давлат ўзининг молиявий мажбуриятларини бажара олмаслигини (дефолт) билдиради. Шкалага қўшимча равишда “АА”дан “ССС”гача бўлган рейтинглар олдида + ёки – белгилари ҳам ишлатилади.
S&P Global Ratings Қозоғистоннинг кредит рейтингини барқарор прогноз билан БББ даражасида тасдиқлаганди.
Изоҳ (0)