Тошкент ҳудудининг қарийб ярми яқин 20 йил ичида реконструкция ва янгиланишга муҳтож. Бу ҳақда CМWP Uzbekistan консалтинг компанияси ва Atlas Global бюроси томонидан тайёрланган “IQ Тошкент 25. Шаҳарнинг 1930—2025 йиллардаги ривожланиш динамикаси” мавзусидаги тадқиқотда келтирилган, деб ёзмоқда унинг нусхаси билан танишиб чиққан Spot.

Бош режа асосидаги ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтдаги мавжуд қурилиш ва инфратузилмаларнинг 43 фоизи учун реконструкция зарур. Бу ҳажмга нафақат турар жой бинолари, балки кўча-йўл тармоғи, муҳандислик коммуникациялари ва жамоат жойлари ҳам киради.
Шаҳар муҳитини янгилаш уч йўналишда амалга оширилади:
- ҳудуднинг 43 фоизи — реконструкция: ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини қисман зичлаштириш ва ривожлантириш орқали мавжуд биноларни янгилаш;
- ҳудуднинг 28 фоизи — консервация: ободонлаштириш ва атроф-муҳит барқарорлигини таъминлаган ҳолда янги қурилишсиз жорий фойдаланишни сақлаб қолиш;
- ҳудуднинг 15 фоизи — реновация: кам қаватли, саноат ва фойдаланилмаётган участкаларни, янги қурилишларни шакллантириш орқали тўлиқ ўзгартириш.
Йўналишларнинг ҳар бири ҳаёт сифатини яхшилаш ва пойтахтни ўсиб бораётган аҳоли ва иқлим ўзгариши муаммоларига мослаштиришга қаратилган.
Стратегия доирасида реконструкция функсионал вазифасини тўлиқ ўзгартириш билан боғлиқ бўлмаган бинолар, коммуникациялар ва транспорт узелларини янгилаш ҳисобланади.
Ҳудудни тўлиқ бузиш ва янгидан қуришни назарда тутувчи реновациядан фарқли ўлароқ, реконструкция бир вақтнинг ўзида атроф-муҳит сифатини, энергия самарадорлигини ва иқлим муаммоларига чидамлилигини ошириш билан тузилмани сақлаб қолишга қаратилган.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, Тошкентнинг фаол ривожланиши шаҳарнинг асосий тизимларини, жумладан, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилишни, шунингдек, кўкаламзорлаштиришни кенгайтиришни талаб қилади.
Иқлим барқарорлигини ошириш энг муҳим вазифалардан бири бўлади. Ҳозирда шаҳар ҳудудининг 85 фоизи “иссиқлик ороли” таъсири — томлар, асфалт ва бошқа сув ўтказмайдиган юзаларда иссиқлик тўпланиши натижасида қизиб кетиш хавфи остида қолмоқда.
Таклиф этилаётган ечимлар орасида шох-шаббали дарахтларни экиш орқали зич кўкаламзорлаштириш, оч тусли қопламаларни қўллаш ва очиқ тупроқни шамол таъсирида нурашдан ҳимоя қилиш кабилар бор.
2024 йилнинг декабрида Тошкент шаҳрининг келгуси 20 йилга мўлжалланган бош режаси тасдиқланганди. Ҳужжатда пойтахтни комплекс ривожлантириш, қурилишларни режалаштириш ва инфратузилмани яхшилаш белгиланган. Бош режада аҳолининг ҳаракатланишига бўлган талабни қондириш ҳамда транспорт оқими барқарорлигини таъминлаш, шаҳарнинг ҳудудлари зичлик параметрларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида шаҳарсозлик талабларини белгилаш муаммоларини ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Изоҳ (0)