Тошкент, Наманган ва Самарқанд вилоятларида жами 3,3 млрд сўмлик электр ва табиий газдан ноқонуний фойдаланилди.

Жумладан, Янгийўл туманида фуқаро К.Ш. “Самарқанд” МФЙ ҳудудидаги умумий овқатланиш шохобчасида тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри уланган. Натижада 433,5 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилган.
Шунингдек, Янги Наманган туманида “Н.К.” МЧЖ масъул шахслари МЧЖга тегишли иссиқхонада тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри уланиб, 186,6 млн сўмлик “свет”дан ноқонуний фойдаланган.
Шу билан бирга, ЯТТ “Х.Р.” (муқаддам судланган) ва фуқаро Ш.Р. “Оромгоҳ” МФЙ ҳудудидаги новвойхонада табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 148,3 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, Самарқанд туманининг “Гулобод” МФЙда жойлашган нодавлат таълим муассасаси биносида 2 та катта қувватдаги иситиш қозонлари орқали табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинган.

Ушбу қоидабузарлик натижасида газ таъминоти корхонасига 1 млрд 914 млн сўмлик зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Бошқа ҳолатда эса Поп туманида яшовчи ЯТТ ўзи яшаб келаётган хонадонда ташкил этилган ёғочга ишлов бериш цехини ўзбошимчалик билан тармоққа улаган. Оқибатда 674 млн сўмлик электрни ўғирлик йўли билан талон-торож қилган.

Мазкур ҳолат бўйича Поп тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик жуда кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилди.
Бундай ҳолатлар сони ортиб бормоқда
Самарқанд вилоятидаги корхоналардан бири 553 миллион сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди. Шу билан бирга Қашқадарёда 177 млн сўмлик газ ва “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахслар ушлангани хабар қилинганди.
Шунингдек, Қашқадарёда электрдан ноқонуний фойдаланган корхона давлатга 1 млрд сўмдан зиёд зарар етказган. Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилганди.
Изоҳ (0)