Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Ғазо секторидаги урушни тўхтатишга, барча гаровга олинганларни озод қилишга ва Исроил билан беш йиллик сулҳ тузишга тайёр. Бу ҳақда гуруҳ вакилига таяниб, BBC хабар берди.

ҲАМАС делегацияси Миср воситачилиги остида 18 ойдан бери давом этаётган урушни тугатиш йўлларини муҳокама қилиш учун Қоҳирага етиб келди. Учрашувда ўт очишни тўхтатиш бўйича “янги ғоялар” кўриб чиқилади. Бироқ Исроил томони талаб қилаётган ҲАМАС қурол-яроғларини топшириш масаласи муҳокама қилинмайди.
ҲАМАС расмийси гуруҳ “бир марталик маҳбуслар алмашинуви ва беш йиллик сулҳга” тайёр эканини таъкидлаган. Ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар Исроилнинг 10 нафар тирик гаровга олинганларни қайтариш эвазига 45 кунлик сулҳ таклиф қилгани ортидан бошланди. ҲАМАС бу таклифни “қисман” деб рад этди ва ўрнига урушни тўлиқ тўхтатишни назарда тутувчи “кенг қамровли” келишув таклиф қилди.
Беш йиллик сулҳ ташаббуси Қатар ва Миср воситачилари томонидан илгари сурилган. Аммо ҲАМАСни қуролсизлантириш ва урушдан кейинги Ғазо секторининг келажаги борасидаги масалалар ҳали ҳам очиқ қолмоқда.
ҲАМАС сулҳ шартлари сифатида урушни тўлиқ тўхтатишни, Исроил қўшинларининг Ғазодан тўлиқ чиқиб кетишини ва қамалдаги секторга гуманитар ёрдам ҳажмини оширишни талаб қилмоқда.
Исроил эса 2023 йил октябрь ойидаги ҳужумлар чоғида гаровга олинган барча фуқароларни озод қилиш ва ҲАМАСни қуролсизлантиришни илгари сурган.
Ғазода тинчлик музокаралари уруш соясида қолмоқда
Икки ой давом этган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдан кейин 18 мартга ўтар кечаси Исроил Ғазога авиазарбалар беришни тиклади. ҲАМАС нишонга олиниши айтилган ҳужумларда 400 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти болалар ва аёллар ҳисобланади. Бундан ташқари, 560 дан ортиқ киши жароҳатланди. Ҳужумни қайта тиклаш буйруғи Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Исроил Кац томонидан берилган.
Улар ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш бўйича музокараларда олдинга силжиш йўқлигига жавобан шундай қарор қабул қилганини айтган. Нетаньяху айбни тўғридан тўғри ҲАМАСга юклаган.
Келишувнинг иккинчи босқичи Исроилдан ўз кучларини Ғазодан олиб чиқишни талаб қиларди. Ҳатто 19 январда кучга кирган ва Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликлар эвазига гаровдагилар озод этилган биринчи босқичда ҳам Исроил Ғазода 150 дан ортиқ фаластинликни ўлдирди.
Исроил бош вазири Ғазодаги “барча кутилмаган қурбонлар” учун ҲАМАС жавобгар эканини даъво қилган. У Ғазода юзлаб одам ўлимига сабаб бўлган ҳужумлар “фақат бошланиши” эканини таъкидлаган.
Изоҳ (0)