Шаҳар инфратузилмаси ҳақиқатан ҳам ҳамма учун қулайми? Ногиронлиги бор фуқаролар учун ҳаётда қандай тўсиқлар мавжуд?
“Депутат билан бир кун” лойиҳаси доирасида Қонунчилик палатаси депутати Жасур Жумаев шаҳар инфратузилмасини ўрганиб, мавжуд муаммоларни ёритиб берди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Жасур Алимбоевич Жумаев — 2024 йилги сайловларда Ўзбекистон тарихида ногиронлиги бор инсонлар орасидан биринчи бўлиб депутат этиб сайланган. У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Либерал Демократик партияси депутати ҳисобланади.
Депутат шахсий тажрибаси ва ижтимоий фаолияти орқали жамиятимизда ногиронлиги бор инсонлар учун ҳақиқий тенг имкониятлар яратиш, инфратузилмаларни инклюзив қилиш йўлида фаол ҳаракат қилиб келмоқда.
Яқинда Жасур Жумаев “Депутат билан бир кун” лойиҳаси доирасида шаҳар инфратузилмасини амалий ўрганди ва ногиронлиги бор фуқаролар учун яратилган шароитларнинг ҳақиқий аҳволини очиб берди.
Кўргазма учун қурилган пандуслар
Депутат шаҳар бўйлаб ҳаракатланар экан, пандус, метро бекатлари, автобуслар ва ерости ўтиш жойларидаги ҳолатларни ўрганди. Унинг таъкидлашича, шаҳардаги кўпгина пандуслар ногиронлар фойдаланиши учун қулай эмас ва фақат расмий кўрсаткичлар учун қурилган.
Метро бекати учун ўрнатилган пандус ҳақида гапирар экан депутат:
“Агар мен бу пандусдан фойдаланадиган бўлсам, шикастланишим аниқ, биринчи гуруҳ ногирони бўлсам, ундан кўп ногиронлик оламан”, дея, кулиб қўйди.
Муаммо фақат пандусларда эмас. Метро, автобус бекатлари ва кўплаб жамоат жойлари ҳали ҳамон ногиронлиги бор инсонлар учун тўлиқ мослаштирилмаган. Амалдаги инфратузилма барча фуқаролар учун тенг ва эркин ҳаракатланиш имконини бермаяпти.
Сижжак қишлоғида аҳоли билан учрашув
Лойиҳа доирасида Жасур Жумаев ўзи туғилиб ўсган Сижжак қишлоғига ҳам ташриф буюрди. У ерда аҳоли вакиллари билан учрашиб, мавжуд муаммоларни тўғридан-тўғри ўрганди. Суҳбатлар давомида қишлоқ аҳолиси инфратузилма, ижтимоий хизматлар ва кундалик ҳаётдаги қийинчиликлар ҳақида фикр алмашди.
Депутат аҳоли билдирган муаммоларни эшитар экан, уларни Қонунчилик палатаси ва тегишли ташкилотлар муҳокамасига олиб чиқиб ўрганишини билдирди.
Инклюзивлик — фақат шиорда эмас, ҳаётда бўлиши шарт
Жасур Жумаевнинг фикрича, ҳақиқий инклюзивлик — қоғозда эмас, ҳаётда ўз аксини топиши лозим. Пандуслар, транспорт тизими, йўл инфратузилмаси ва жамоат муассасалари — барчаси ногиронлиги бор инсонлар учун ҳам қулай бўлиши шарт.
Ҳақиқий тараққиёт ва адолат — фақат соғлом одамларга эмас, жамиятдаги ҳар бир фуқарога тенг имконият берилишида намоён бўлади.
Изоҳ (0)