Ўзбекистондаги яна 9 ноёб дарахт MonumentalTrees.com халқаро рўйхатига киритилди, деб хабар бермоқда Экология вазирлиги.

Қайд этилишича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан яна 9 та ноёб дарахтнинг номзодномалари тайёрланди ва улар MonumentalTress.com халқаро рўйхатига номзод этиб киритилди.
Булар Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани ҳудудидаги ёши 100 йилдан ошган қайрағоч дарахтлари (жами 5 та), Жиззах вилояти Жиззах шаҳридаги ёши 200 йилдан ошган тут дарахти, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридаги 250-300 ёшли тут дарахти, Нарпай туманидаги 450 йиллик ҳамда Пайариқ туманидаги 1000 ёшдан ошган чинор дарахтларидир.
Маълумот учун, аввалроқ Жиззах вилояти Фориш туманидаги шарқ биотаси дарахти (ёши 1500 йил), Самарқанд вилояти Ургут туманидаги чинор дарахти (ёши 1160 йил), Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги арча (ёши 1000 йил), ёнғоқ (ёши 800 йил) ҳамда чинор дарахтлари (ёши 600 йил), Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Сайроб қишлоғидаги чинор дарахти (ёши 900 йил), Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри Дорус-Саодат мемориал мажмуаси ҳудудидаги чинор дарахти (ёши 700 йил) ва Жиззах вилояти Зомин миллий табиат боғи ҳудудидаги бобоёнғоқ дарахти (ёши 700 йил) MonumentalTrees.com рўйхатига киритилганди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида мазкур халқаро рўйхатга ўз табиий мерос объектларини киритган биринчи ва МДҲ давлатлари орасида учинчи давлатга айланди (Россия ва Озарбайжондан сўнг).
Айни дамда Экология вазирлиги томонидан мамлакатдаги кўп йиллик ноёб дарахтларни мазкур рўйхатга киритиш юзасидан ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
MonumentalTrees.com — бу бутун дунё бўйлаб йирик ва қадимий дарахтлар ҳақида маълумот тўплайдиган ҳамда уларни ҳужжатлаштирадиган жамоавий веб-сайтдир. Сайт фойдаланувчиларга турли дарахт турлари ҳақида фотосуратлар, ўлчамлар (баландлик ва диаметр), жойлашув координаталари ва бошқа тафсилотларни тақдим этади. Бу лойиҳа Тим Бекeрт томонидан бошқарилади ва кўплаб ихтиёрий иштирокчилар томонидан бойитилмоқда.
17 апрель куни Ўзбекистонда 2025–2030 йилларда умуммиллий бирдамлик боғларини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга кўра, 2025 йил 15 майгача истироҳат боғларининг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.
Боғларнинг 60 фоиз ҳудудида яшил майдон сифатида дарахт ва буталар экиш, пикник зоналар, ёш болалар учун махсус жиҳозланган қумлоқлар, очиқ осмон остидаги кичик кутубхоналар, тасвирий ва амалий санъат билан шуғулланиш ҳудудлари ҳамда ташриф буюрувчилар тинчлигини бузмайдиган бошқа элементлар орқали сокин ҳудудлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)