Жаҳон банки 2025 йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти ўсишини 5,9 фоизга баҳолади. Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги (ЕМО) ривожланаётган давлатларда иқтисодий ўсиш секинлашиши мумкин. Жаҳон банки ўзининг тегишли ҳисоботини эълон қилди.

Минтақадаги иқтисодий ўсиш 2024 йилда 3,6 фоиз даражасида бўлган. Бунга хусусий истеъмол ошиши, иш ҳақи ўсиши, пул ўтказмалари ҳажми ортиши ва ЕМО мамлакатларида истеъмол кредитлари кенгайтирилиши таъсир кўрсатди. Озиқ-овқат ва хизматлар нархининг кескин ошиши инфляциянинг тезлашувига олиб келди: 2025 йил февраль ҳолатига кўра, инфляция йиллик ҳисобда 5 фоизга етди. Таққослаш учун 2024 йил ўрталарида бу кўрсаткич 3,6 фоиз эди.
Иқтисодий ўсиш секинлашади
2025–2026 йилларда минтақанинг иқтисодий ўсиши 2,5 фоизгача секинлашиши кутилмоқда. Ташқи талаб сусайиши ва Россия иқтисодиётининг ўсиши пасайиши бунга сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, глобал ноаниқликлар, геоиқтисодий парчаланиш ҳамда асосий савдо ҳамкорларининг суст иқтисодий фаоллиги минтақада барқарор ўсишни таъминлашда тўсиқлар юзага келтирмоқда.
Марказий Осиёда ўсиш суръати 2025—2026 йилларда 4,7 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Бироқ у ЕМО субминтақалари орасида энг жадал ривожланаётган иқтисодиёт мақомини сақлаб қолади. Ўсиш суръатлари Россия билан савдо ҳажми қисқариши ва меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари оқимининг нормаллашуви билан изоҳланади.
Марказий Осиё давлатларининг ЯИМ бўйича прогнози
2025 йилда минтақа давлатларининг ялпи ички маҳсулоти ўсиши қуйидагича бўлади:
- Қозоғистонда — 4,8 %,
- Ўзбекистонда — 5,9 %,
- Тожикистонда — 6,5 %,
- Қирғизистонда — 6,8 %.
Мазкур кўрсаткичлар ЕМО мамлакатлари орасида энг юқори иқтисодий ўсиш суръатлари қаторида қолмоқда.
Россия иқтисодиётининг ўсиш суръатлари 2025—2026 йилларда 1,3 фоизгача секинлашиши кутилмоқда. Туркияда эса бир оз тезлашиб, шу даврда 3,3 фоизни ташкил этади. Украинада иқтисодий ўсиш суръатлари, тахминларга кўра, 2025 йилда 2 фоизгача пасайиши мумкин.
Иқтисодий ўсишни тезлаштириш бўйича тавсиялар
Ҳисоботда геосиёсий беқарорлик шароитида иқтисодий ўсишни тезлаштириш йўллари ҳам кўриб чиқилган. Унда хусусий секторни жадал ривожлантириш учун шароит яратиш муҳимлиги таъкидланган. ЕМО давлатларига инновацион технологиялар, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларига инвестицияларни фаоллаштириш, ёш фирмалар ва компаниялар фаолиятини қўллаб-қувватловчи ислоҳотларни амалга ошириш, шунингдек, молиявий бозорларни ривожлантиришни тавсия қилинмоқда.
Изоҳ (0)