Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев дунё учинчи жаҳон уруши ёқасида турганини айтди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.

Медведев Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) давлат раҳбарларини, жумладан, Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга берган ордерлари глобал хавфларнинг кучайишига олиб келаётганини даъво қилди.
Халқаро ҳамжамият принципиал белгиларга кўра бўлинган ва аслида сайёрамиз Учинчи жаҳон уруши ёқасида турган бир даврда, ХЖСнинг қарори ўз-ўзидан глобал хавфларнинг кучайишига олиб келди. Бундай таҳдиднинг кучайишида инсоният олдида Халқаро жиноий суднинг айрим мансабдор шахслари ҳам масъулдир, деди Медведев.
У тегишли фикрларини “Правоведение” журналидаги мақоласида келтирди. Медведев БРИКС доирасида Халқаро жиноий судга (ХЖС) муқобил халқаро ҳуқуқий орган яратишга чақирди.
Сиёсатчининг фикрича, бундай орган БРИКСга аъзо давлатларнинг “БМТ Низоми тамойилларига қатъий риоя қилиш”га интилаётганини намоён этарди. Бу тамойиллар суверен давлатлар раҳбарларининг хорижий суд юрисдикциясидан дахлсизлиги ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларини ўз ичига олади.
Медведев “адолатга интилиш ва дунёнинг кучли шахсларини жиноятлари учун жавобгарликка тортиш истаги” одамларни доимо бирлаштирган ғоя бўлиб келганини айтди.
Аммо бу ғоя ҳар доим ҳам тўғри шаклда намоён бўлавермайди — ҳатто Халқаро жиноий судда ҳам, дея хулоса қилди у.
Путинни ҳибсга олиш ордери
2023 йил март ойида Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Улар Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни ноқонуний депортация қилиш ва Россия ҳудудига ноқонуний кўчиришда айбланмоқда. Жиноятлар, суд маълумотларига кўра, 2022 йил 24 февралдан бери содир этилган. Кремль бунга жавобан Россия Халқаро жиноий суд юрисдикциясини тан олмаслигини айтган. Ўша пайтда АҚШ президенти бўлган Жо Байден ХЖС қарори асосли эканини айтганди.
Нетаньяху ва Галантани ҳибсга олиш ордери
21 ноябрь куни Халқаро жиноий суд веб-сайтида бир вақтнинг ўзида икки исроиллик сиёсатчи — бош вазир Биньямин Нетаньяху ва ўша пайтдаги мудофаа вазири Йоав Галантга нисбатан ҳибсга олиш ордерини бериш тўғрисида баёнот пайдо бўлди. Ордер 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача бўлган даврда Ғазода содир этилган ҳарбий жиноятлар учун берилган. Айбловлар Исроил ҳукумати ва қуролли кучларининг Фаластин аҳолисига, хусусан, Ғазо секторидаги тинч аҳолига қарши ҳаракатларига тааллуқли. Исроил бош вазири идораси бу қарорни антисемитизм деб атаган, буйруқ берган органнинг ўзини эса “нохолис ва камситувчи” деб таърифлаган. Шу билан бирга, Европа комиссияси раиси ўринбосари Жозеп Боррел ХЖС қарори Рим статутини имзолаган барча давлатлар учун мажбурий эканини таъкидлаган.
Изоҳ (0)