Россия Федерациясининг Санкт Петербург шаҳрида суд 14 қути товуқ тухумини ўғирлаганликда айбланаётган 34 ёшли эркакка нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда шаҳар прокуратураси матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Красногвардия тумани прокуратураси илгари бир неча бор судланган 34 ёшли Руслан Глехштейн ҳақидаги жиноий иш бўйича давлат айбловини қўллаб-қувватлади. Жиноятлар мажмуи бўйича айбдорга қаттиқ тартибли жазони ижро этиш колониясида ўташ шарти билан 7 йил-у 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди”, дейилади хабарда.
Судда аниқланган маълумотларга кўра, судланувчи 2023 йилнинг 26 ноябрь куни эрталаб соат тўртда Маршал Тухачевский кўчасидаги дўкондан ҳар бирида 10 тадан бўлган 14 қути товуқ тухумини ўғирлаган. Етказилган зарар 1700 рублни (264 минг сўм) ташкил этган. У Россия Жиноят кодексининг 161-моддаси 1-қисми (босқинчилик) бўйича айбдор деб топилди.
“Дастлабки тергов жараёнида айбланувчи ўғирланган маҳсулотни уйига олиб келганини, товуқ тухумларининг бир қисмини ўзи истеъмол қилганини, қолган қисмини эса танишларига совға қилганини билдирди”, дея таъкидланди идора баёнотида.
Изоҳ (0)