АҚШ президенти Дональд Трамп яқин кунларда Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш режасини оммага очиқлаши кутилмоқда. Режа доирасида, оташкесимдан кейин Европа ҳарбий кучларини Украинага жойлаштириш кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда New York Post хабар берди.

Трампнинг сўзларига кўра, у уч кун ичида тўлиқ маълумот беришни режалаштирмоқда. У Украина ва Россия ўртасидаги учрашувлар жуда самарали бўлганини таъкидлаган.
Кўрамиз, бу қандай ишлайди, деди АҚШ президенти.
Режанинг шартлари ҳали тўлиқ тасдиқланмаган бўлса-да, маъмуриятнинг юқори мартабали амалдорларидан бири, оташкесимдан кейин Украинада Европа қўшинларини жойлаштириш мумкинлигини айтди.
Энг мураккаб масала — хавфсизлик кучларининг қандай кўринишда бўлиши. Биз буни барқарорликни таъминлаш кучлари деб атаймиз. Улар украиналиклар олишни истаётган хавфсизлик кафолатларининг бир қисми ҳисобланади ва биз уларнинг бу кафолатларга эришишига умид қиламиз, деди амалдор.
Шунингдек, ўт очишни тўхтатишни кузатиш учун алоҳида тинчликпарвар кучларни ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ушбу кучлар руслар, украиналиклар ва НАТОга аъзо бўлмаган учинчи давлатлардан иборат “умумий комиссия” бўлади. Улар иккала томон қуролларини ташлаганини таъминлаш учун олдинги чизиқни кузатади.
Амалдорнинг сўзларига кўра, АҚШ жараёнга жалб қилиниши мумкин, бироқ “ҳарбий куч сифатида эмас, балки учинчи томон билан биргаликда молиявий куч сифатида”.
Wall Street Journal ёзишича, келишув вариантида Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш банди ҳам бўлиши мумкин. Амалдорнинг айтишича, Украина “ўз ерларининг 20 фоизини беришга тайёр” кўринади, ҳозирча бу де-юре эмас, балки де-факто ҳудудни тан олиш ҳисобланади.
Де-факто шуни англатадики, биз россияликлар бу ерни босиб олганини тан оламиз, аммо Украина уни абадий беради, демаймиз, деди расмий.
Парижда АҚШ делегацияси билан музокараларда иштирок этган Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Украина “конструктив мулоқот”ни қўллаб-қувватлашини айтди. Бироқ унинг идораси “сиёсий қарорлар қабул қилмаслигини” билдирди.
Бизнинг асосий масаламиз ўт очишни тўхтатиш таклифининг самарадорлигини ва ишончли мониторингни қандай таъминлашдан иборат, дея таъкидлади у.
Шу билан бирга Россия тинчлик келишувига тайёрлиги ҳақида ҳозирча аниқ жавоб бермади. Ушбу воқеалар фонида Россия 21 апрель куни Эрон билан иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган стратегик шериклик тўғрисидаги битимни ратификация қилди.
Изоҳ (0)