Исроил томонидан 2 мартдан бери давом этаётган блокада ва инсонпарварлик ёрдамига тўсқинлик сабабли Ғазо секторида очарчилик авжига чиқди. Бу ҳақда Ғазо ҳукумати матбуот котиби Исмоил Севабита Туркиянинг Anadolu нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Маълум қилинишича, Исроил икки ойдан ортиқ вақтдан бери Ғазони қаттиқ қамалда ушлаб турган ва чегара ўтиш жойларини ёпиб қўйган. Севабита гуманитар фалокат учун Исроил тўлиқ жавобгар эканини маълум қилди.
“Озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар 2,4 миллион тинч аҳолига қарши қурол сифатида ишлатилмоқда. Бу халқаро гуманитар ҳуқуқнинг асосий тамойилларини қўпол равишда бузишдир. Ўтиш жойларининг ёпилиши, шафқатсиз блокада, озиқ-овқат танқислиги, ун етишмаслиги ва новвойхоналарнинг ёпилиши Ғазодаги озиқ-овқат тизимини бутунлай қулаш ёқасига олиб келди,” дея қўшимча қилди матбуот котиби.
У Ғазода замонавий тарихдаги энг даҳшатли очлик ҳукм сураётганини таъкидлаб, халқаро ҳамжамиятдан сақлаб қолиш мумкин бўлган нарсаларни қутқариш учун ёрдам сўради.
Исроил 2 март куни ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича келишувнинг биринчи, 42 кунлик босқичи тугаганидан бери Ғазога гуманитар ёрдам киришини бутунлай тўхтатиб қўйган эди.
2023 йил 7 октябрда Исроил йирик ҳарбий ҳаракатларни бошлаганидан бери 2 миллиондан ортиқ одам ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Фуқаролик инфратузилмаси ва тиббиёт муассасалари ҳам ачинарли аҳволга тушиб қолган.
Сув ва электр энергиясининг ўчирилиши, шунингдек, чегара ўтиш жойларининг блокланиши фаластинликларнинг шусиз ҳам оғир турмуш шароитларини сезиларли даражада ёмонлаштирди.
7 октябрь куни жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери Ғазода умумий ҳисобда 52 400 киши ҳалок бўлган ва 118 014 киши яраланган.
Изоҳ (0)