Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху унинг мамлакати Ғазо секторида жанговар ҳаракатларни давом эттиришдан бошқа “танлови йўқ”лигини айтди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Нетаньяхунинг таъкидлашича, уруш барча мақсадлар — ҲАМАСни йўқ қилиш, барча гаровга олинганларни озод қилиш ва анклав келажакда Исроилга таҳдид солмаслиги учун шароитларни таъминлаш амалга оширилгандагина тугайди.
Сўнгги икки кун ичида секторга Исроил зарбалари оқибатида камида 92 фаластинлик ҳалок бўлган ва 200 киши яраланган. ҲАМАС Исроилнинг Ғазо секторида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўйича янги таклифини рад этган. Таклиф Исроилнинг жанговар ҳаракатларни тўлиқ тўхтатишини ўз ичига олмайди. Бундан ташқари, Исроил биринчи марта музокараларнинг кейинги босқичида ҲАМАСни қуролсизлантириш талабини киритган. Фаластин гуруҳи эса мазкур шартга рози эмас.
Нетаньяху ўз ватанида нафақат гаровга олинганларнинг оилалари ва уларни қўллаб-қувватловчилар, балки захирадаги ва истеъфога чиққан исроиллик ҳарбийлардан ҳам босимни ҳис қилмоқда. Жумладан, 19 апрель куни Тель Авивда навбатдаги намойиш бўлиб ўтди. Унда одамлар ҳукуматдан гаровдагиларни имкон қадар тезроқ озод қилиш ва сулҳ тузишни талаб қилди.
18 март куни Қатар, Миср ва АҚШ воситачилигида тузилган сулҳ Исроил томонидан бекор қилинди. Исроилнинг ҳужумлари оқибатида Ғазода ҳалок бўлганлар сони 51 157 нафарга етган. Уларнинг учдан икки қисмидан кўпи аёллар ва болалар экани айтилмоқда. Ҳозирда ҲАМАС 59 нафар исроиллик гаровдагиларни ушлаб турибди, шундан 24 нафари тирик бўлиши мумкин.
Исроил Ғазонинг бутун ҳудудида ҳарбий операцияни кучайтириш ва номаълум муддатга катта “хавфсизлик зоналари”ни эгаллаш қарорини эълон қилди. ҲАМАС эса Исроил қўшинларини ҳудуддан олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда.
Изоҳ (0)