АҚШ президенти Дональд Трамп Гарвард университетини антисемитизмда айблади ва муассаса демократияга таҳдид солаётгани ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

“Гарвард, бошқа кўплаб университетлар сингари, антисемитик ва ўта сўл таълим муассасаси бўлиб, у ерга бутун дунёдан мамлакатимизни парчалаб ташлашни истайдиган талабалар қабул қилинади. Бу жой либерал тартибсизлик маркази бўлиб, унда маълум бир гуруҳ ақлдан озган кишилар аудиторияларга бемалол кириб-чиқиб, сохта ғазаб ва нафрат тарқатиши мумкин. Бу ҳақиқатан ҳам даҳшатли!”, деб ёзди у.
Шунингдек, Америка президенти Гарвард АҚШ демократиясига таҳдид солаётганини таъкидлаган.
“Энди биз даъво қўзғатишни бошлаганимизда, улар ўзларини худди “соф америкача” қиёфада кўрсатишмоқда. Гарвард — демократияга таҳдид”, деб ёзади Трамп.

Трампнинг Гарвард университетига қўйган талаблари
Америка ҳукумати 11 апрель куни Гарвардга расмий мактуб йўллаб, университет агар кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширса, федерал молиялаштиришни сақлаб қолиши мумкинлигини билдирган. Акс ҳолда деярли 9 миллиард долларлик молиявий ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилган.
Трамп маъмуриятининг фикрича, ўтган йили Ғазо секторидаги урушга қарши ўтказилган намойишлар пайтида Гарвард ва бошқа Америка олий ўқув юртларида антисемитизмга йўл қўйилган. Шу сабабли Гарвард университетига қуйидаги талаблар қўйилган:
• бошқарув тизимини ислоҳ қилиш;
• илмий фаолиятдан кўра фаолликка (активизмга) берилган профессор-ўқитувчиларнинг таъсирини камайтириш;
• АҚШ қадриятларига нисбатан душманона муносабатда бўлган талабаларни қабул қилмаслик;
• шунингдек, хулқ-атвор қоидаларини бузган “грин карта” эгалари ҳақида полицияга хабар бериш.
13 апрель куни Гарвард университетининг бир гуруҳ профессорлари Трамп маъмуриятига университетнинг умумий молиялаштиришини 9 миллиард долларга қисқартириш режалари туфайли даъво аризаси топширгани маълум бўлди.
АҚШ таълим вазирлиги Гарвард университети раҳбарияти Оқ уйнинг кадрлар ва таълим сиёсатидаги ўзгаришлар ҳақидаги талабларини очиқчасига рад этганидан сўнг, уни 2,2 миллиард долларлик давлат молиялаштиришидан маҳрум қилиши ҳақида хабар берган эди.
Bloomberg маълумотларига кўра, бу миқдор 8,7 миллиард долларлик грантлар ва университет ҳамда федерал тузилмалар ўртасидаги 255,6 миллион долларлик амалдаги шартномаларни ўз ичига олади. Даъвогарларнинг фикрича, маъмуриятнинг хатти-ҳаракатлари уларнинг академик эркинлик ва сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқларини бузмоқда.
Гарвард Трамп маъмуриятининг университет антисемитизм кўринишларига, хусусан, чет эллик талабалар томонидан содир этилаётган ҳолатларга кўз юмаётгани ҳақидаги айбловларини рад этди ва антисемитизмга қарши кураш чораларини кўраётганини, аммо шу билан бирга сўз ва ифода эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқларни бузишни истамаслигини таъкидлади.
Ўшанда Америка президенти Гарвард университети сафсата ўргатаётганини, университет федерал молиялаштиришга лойиқ эмаслигини айтганди. Трампнинг фикрича, олий таълим муассасаси радикал сўл мафкура тарафдорларини ишга олади ва шунинг учун у муносиб таълим маскани ҳисобланмаслиги керак.
Изоҳ (0)