Исроил Ғазо шаҳрида бошпана сифатида фойдаланилаётган мактабга ҳужум қилди. Оқибатда камида 10 киши ҳалок бўлди, жумладан бир бола ёнғинда куйиб вафот этди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Маълум қилинишича, мактабда мажбурий кўчирилган одамлар яшаган. Ҳодиса оқибатида кўплаб одамлар жароҳат олган.
Болалар кўчирилганларнинг чодирларида ухлаётганда ёниб кетмоқда. Хавфсиз ҳудудлар йўқ, бу қирғиндан омон қолганлар ҳам йўқ. Ғазо шаҳри ва унинг шимолий ҳудудлари соатлаб Исроилнинг кучли бомбардимонига дуч келмоқда ва артиллериядан ўққа тутилмоқда, деди Al Jazeera мухбири Анас ал-Шариф.
Ҳужум оқибатида келиб чиққан ёнғин чодир конструкциялари ва брезент қопламасини қамраб олган. Стуллар ёниб кетиб, каравот рамкаси эриб кетган.
Бу Исроил томонидан мактабга қилинган ягона ҳужум эмас, аввал ҳам қуйидаги ҳужумлар қайд этилганди:
- Апрель ойи бошида Ғазо шаҳрининг Туффаҳ маҳалласида жойлашган учта мактабга ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 33 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳат олди.
- Ноябрь ойида, икки ҳафталик фарқ билан содир этилган икки ҳужумда Исроил армияси шимолий Ғазодаги ал-Фахура мактабини нишонга олиб, камида 65 кишининг умрига зомин бўлди.
- Август ойида, Ғазо шаҳридаги ал-Табин мактабига исроиллик кучлар томонидан амалга оширилган бомба ҳужумида эрталабки ибодат учун тўпланган фаластинликлардан 100 дан ортиғи ҳалок бўлди.
- Июль ойида эса Исроил армияси жанубдаги Абасан шаҳарчасида, Хон Юнус яқинида жойлашган ал-Авда мактабига ҳужум қилиб, камида 30 кишини ўлдирди.
- 2023 йил ноябрида, уруш бошланганидан кўп ўтмай, Ғазо шаҳридаги ал-Буроқ мактабига қилинган бомба ва артиллерия ҳужумлари камида 50 кишининг, жумладан болаларнинг, ҳаётига зомин бўлди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари илгари Исроилнинг мактаблар ва шифохоналар каби фуқаролик объектларига уюштирган ҳужумларини инсониятга қарши жиноят деб баҳолаган.
Изоҳ (0)