АҚШнинг хорижий ёрдамларни қисқартириши Яқин Шарқ минтақасидаги таъсирини сусайтириши мумкин. Бу ҳақда Politico газетаси таҳлилчилар, амалдорлар ва гуманитар ходимларга асосланиб хабар қилмоқда.

Газета келтирган ҳукумат маълумотларига кўра, фақат 2023 йилнинг ўзида минтақа давлатлари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали жами 4 миллиард долларлик ёрдам олган. Умуман олганда, 2010 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда USAID Яқин Шарқ мамлакатларига 40 миллиард доллар миқдорида ёрдам кўрсатган.
“Бу кескин қадам сиёсий беқарорлик, инсонпарварлик ва иқтисодий муаммолардан азият чекаётган нотинч минтақадаги мамлакатлар аҳволига таъсир кўрсатади... У Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги нуфузига путур етказиши мумкин”, дейилади газета хабарида.
Таъкидланишича, Миср, Исроил ва Иордания АҚШ ёрдамининг асосий олувчилари ҳисобланади. Бироқ молиялаштиришнинг қисқариши таъсири ҳали ҳам АҚШ босқини оқибатларини енгиб ўтаётган ва “Ислом давлати” террорчилик гуруҳига қарши курашаётган Ироқда, ҳукумат ўзгарган Сурияда, фуқаролик можаросидан азият чекаётган Яманда, Исроил ҳарбий операциялар олиб бораётган Ғазо ва Ливанда ҳам сезиларли бўлади.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио турли мамлакатларга 215 миллион долларлик ташқи ёрдам ажратишни бекор қилгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)