Исроил Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича ҲАМАСга янги таклиф юборди. Тегишли таклиф мисрлик воситачилар орқали етказилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

ҲАМАСнинг юқори мартабали вакили таклифнинг камида иккитаси улар учун номақбул эканини аллақачон айтган. Ҳозирда воситачилар ҲАМАСдан расмий жавоб кутмоқда. Фаластин гуруҳи ўзининг асосий талабини яна бир бор таъкидлаган. Унга кўра, ўт очишни тўхтатиш бўйича ҳар қандай келишув Ғазодаги урушга чек қўйиши ва Исроил қўшинларининг сектордан тўлиқ чиқиб кетишини таъминлаши керак.
Бироқ янги таклиф Исроилнинг жанговар ҳаракатларни тўлиқ тўхтатишини ўз ичига олмайди. Бундан ташқари, Исроил биринчи марта музокараларнинг кейинги босқичида ҲАМАСни қуролсизлантириш талабини киритган. Фаластин гуруҳи эса мазкур шартга рози эмас.
Яҳудий давлати ушбу таклифга расман изоҳ бермаган. Ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар уруш фонида олиб борилмоқда.
Ғазода тинчлик музокаралари уруш соясида қолмоқда
Икки ой давом этган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдан кейин 18 мартга ўтар кечаси Исроил Ғазога авиазарбалар беришни тиклади. ҲАМАС нишонга олиниши айтилган ҳужумларда 400 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти болалар ва аёллар ҳисобланади. Бундан ташқари, 560 дан ортиқ киши жароҳатланди. Ҳужумни қайта тиклаш буйруғи Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Исроил Кац томонидан берилган.
Улар ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш бўйича музокараларда олдинга силжиш йўқлигига жавобан шундай қарор қабул қилганини айтган. Нетаньяху музокараларда олдинга силжиш йўқлиги учун айбни тўғридан тўғри ҲАМАСга юклаган.
Келишувнинг иккинчи босқичи Исроилдан ўз кучларини Ғазодан олиб чиқишни талаб қиларди. Ҳатто 19 январда кучга кирган ва Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликлар эвазига гаровдагилар озод этилган биринчи босқичда ҳам Исроил Ғазода 150 дан ортиқ фаластинликни ўлдирди.
Исроил бош вазири Ғазодаги “барча кутилмаган қурбонлар” учун ҲАМАС жавобгар эканини даъво қилган. У Ғазода юзлаб одам ўлимига сабаб бўлган ҳужумлар “фақат бошланиши” эканини таъкидлаган.
Изоҳ (0)