Ўзбекистонда 2030 йил 1 январга қадар паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини (экин майдонларидан ташқари) тўлашдан озод этиш белгиланмоқда. Сенатнинг 29 апрелдаги ялпи мажлисида бу кўзда тутилган қонун маъқулланди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Солиқ кодексига паррандачилик соҳасини ривожлантириш, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга ҳамда рақамли маркировкалаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Паррандачилик соҳасини ривожлантириш, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис қонунчилик палатасининг 13 февралдаги мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилиниб, концептуал жиҳатдан қабул қилинганди.
Шавкат Мирзиёев 2024 йил июнида чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишганда паррандачилик соҳасини ривожини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятлар ҳам белгиланди.
Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан “Парранда боқиш — даромад топиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Паррандачилик соҳасида аҳоли хонадонлари билан кооперация асосида ишлаш тизимини молиялаштириш учун 2025 йил 1 февралга қадар Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари “Микрокредитбанк” АТБнинг устав капиталини оширишга йўналтирилади.
Ўзбекистонда 2024 йил 1 июлдан парранда гўштини экспорт қилишда мавжуд барча чекловлар бекор қилинди.
Изоҳ (0)