Украина Россия билан тинчлик келишуви барбод бўлганда, босиб олинган ҳудудлардан воз кечишни назарда тутувчи “Б режаси”ни тайёрламоқда. Бу ҳақда Bild хабар берди.

Маълум қилинишича, АҚШ Украина ҳукуматига “тинчлик режасига рози бўлиш ва ўз ҳудудининг камида бешдан бир қисмини Россияга беришни тобора қатъий таклиф қилмоқда”. Ҳозирча Киев бу таклифни қабул қилмаган ва тўрт ойдан бери АҚШдан илгари ваъда қилинган қуроллар етказиб берилишига ишонмоқда.
Шу билан бирга, Украина ўз мудофаа саноатини ривожлантириш орқали ҳимоясиз қолмаслик устида ишламоқда. Мамлакатда камикадзе зарба берувчи дронлар ишлаб чиқариш 2023 йилдаги 600 мингдан ўтган йили 1,5 миллионга етди, 2025 йил охирига келиб эса бу рақам уч миллионга чиқиши кутилмоқда.
Икки йил олдин дронлар Россия йўқотишларининг тахминан учдан бир қисмини ташкил қилган бўлса, ҳозирда улар тўртнинг учдан икки қисмини ташкил этмоқда.
2022 йилда Украина ўз гаубитсаларини ишлаб чиқармаган эди. Энди эса ҳар ой конвеердан йигирмата “Богдан” ўзиюрар гаубитсалари чиқмоқда. Ушбу гаубитсалар учун 155 миллиметрли снарядларнинг бир қисми Украина ичида йиғилмоқда.
“Энди бизда ўқ-дорилар билан боғлиқ муаммо йўқ”, дейди украиналик артиллериячи офицер.
У Германия ва Франция снарядларига қарамлик ҳали ҳам катта эканини тан олган. Асосий муаммо Украинада инсон ресурсларидир. Юз минглаб одамлар қурол билан таъминланган бўлса-да, 18—24 ёшдаги йигитларни хизматга жалб қилиш учун Украина Мудофаа вазирлиги янги аскарлар учун иш ҳақини икки баравар оширди.
♦ Тинчлик музокаралари
Украина, АҚШ ва Россия ўртасидаги музокаралар жараёни мураккаб ва зиддиятли бўлиб қолмоқда. Фаол дипломатик саъй-ҳаракатларга қарамай, томонлар ўртасидаги асосий келишмовчиликлар ҳал этилмаган.
Президент Трамп Қримни Россиянинг бир қисми сифатида тан олиш, босиб олинган ҳудудлар устидан Россия назоратини де-факто тан олиш ва Украинанинг НАТОга қўшилишдан бош тортишини назарда тутувчи тинчлик режасини илгари сурмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский Қрим ва бошқа босиб олинган ҳудудлар бўйича ҳар қандай ён беришни қатъиян рад этади. Бундан ташқари, мамлакат аниқ халқаро хавфсизлик кафолатларини тақдим этишни талаб қилмоқда.
Москва куни кеча Украина билан ҳеч қандай олдиндан шарт қўймасдан тўғридан-тўғри музокараларга тайёрлигини эълон қилди. Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Украинага тўрт вилоятдан ҳарбийларини тўлиқ олиб чиқишини талаб қилганди. Гап Украинанинг Запорожье, Херсон, Донецк ва Луганск вилоятлари ҳақида бормоқда.
Изоҳ (0)