Украинадаги уруш вақт ўтиши билан ядровий эскалацияга айланиб кетиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Жей Ди Венс америкалик подкастер Чарли Керкка берган интервьюсида маълум қилди.

Венс агар уруш яна бир неча йил давом этса, Украина унда ғалаба қозона олмаслигини маълум қилди. У уруш чўзилса, Россия ютқазиши ҳақидаги риторикани рад этди.
Агар бу тўхтамаса, украиналиклар урушда ғалаба қозона олмайди, деди Венс.
АҚШ вице-президенти бундай ҳолатда иккала давлат ҳам демографик муаммоларга дуч келишини таъкидлади. У яна миллионлаб одамлар ҳалок бўлиши ва можаро “ядро урушига айланиши мумкин”лигини айтди.
Трамп президентлигининг дастлабки 100 кунида музокараларда эришилган ютуқлар ҳақидаги саволга Венс қуйидагича жавоб берди.
Руслар ва украинлар урушни тўхтатдими? Йўқ. Аммо биз, шубҳасиз, уч ой ичида олдинги уч йилга қараганда кўпроқ ютуқларга эришдик, деди сиёсатчи.
Унинг сўзларига кўра, Украинада ҳам, Россияда ҳам, Европада ҳам — “баъзан норозилик билан бўлса-да” — Трамп дипломатияси “вазиятни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ олдинга силжитганини” тан олишган. Бу “катта ютуқ” ҳисобланади.
Венс музокаралар борасида у “икки ҳафта олдингига қараганда бугун ўзини кўпроқ оптимистик ҳис қилаётгани”ни айтди.
Баъзида украиналиклардан, баъзида руслардан ҳафсалангиз пир бўлади, лекин музокаралар табиати шундай. Баъзида музокараларда олдинга юриб, кейин орқага қайтасиз, ва шунчаки қўлларингизни туширгингиз келади. Лекин Президент Трамп бунга йўл қўймайди, дея хулоса қилди у.
23 апрель куни Ҳиндистонга ташрифи чоғида Венс агар Москва ва Киев Вашингтоннинг уруш тугагандан кейинги аниқ режасига рози бўлмаса, АҚШ музокаралардан чиқишини айтганди.
Биз ҳар икки томонга, Россия ва Украинага жуда аниқ таклифни илгари сурдик. Уларга “ҳа” дейиш вақти келди ёки АҚШ бу жараёндан чиқиши керак, деган Венс.
Изоҳ (0)