Янги Рим папасини сайлаш учун конклав 7 май куни Ватиканда ўтказилади. Бу ҳақда Reuters Ватикандаги юқори лавозимли манбага асосланиб хабар бермоқда.

Таъкидланишича, сана кардиналларнинг папа Франциск дафн этилганидан кейинги биринчи ёпиқ мажлисида белгиланган. Йиғилишда дунёнинг турли бурчакларидан келган 80 ёшгача бўлган 135 га яқин кардинал иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Агентликнинг маълум қилишича, 2005 ва 2013 йилларда бўлиб ўтган аввалги иккита конклав бор-йўғи икки кун давом этган. Кардинал Андерс Арборелиус сайловлар бу сафар узоқроқ чўзилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Чунки Папа Франциск томонидан тайинланган кўплаб кардиналлар илгари бир-бирлари билан учрашмаган.
Сайловлар даврида кардиналлар Ватикан ҳудудидаги Авлиё Марфа уйи деб аталувчи меҳмонхонада истиқомат қиладилар. Йиғилишлар учун Микеланжело ва Уйғониш даври бошқа рассомларининг дурдона асарлари билан безатилган Сикстина капелласи фон вазифасини ўтайди.
Сайловнинг ўзи ёпиқ тарзда ўтказилади, бу пайтда кардиналлар ташқи дунё билан алоқа қилмайдилар. Янги папа сайланганлиги ҳақидаги хабар мўри орқали эълон қилинади: танланган номзодлар ёзилган қоғоз карточкалар ёқилади, натижада мўридан оқ тутун чиқади, бу эса янги папа танланганини билдиради.
Рим папаси Франциск 21 апрель куни 88 ёшида вафот этди. 26 апрель куни понтифик Римдаги Санта-Мария-Мажоре черковига дафн этилди. Дафн маросимида 100 дан ортиқ хорижий делегациялар, шу жумладан ўнлаб давлат раҳбарлари иштирок этган. Жумладан, АҚШ президенти Дональд Трамп, Украина президенти Владимир Зеленский, Франция президенти Эммануэл Макрон, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, шунингдек, Лотин Америкаси давлатлари раҳбарлари — Аргентина президенти Хавьер Милей ва Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Сильва ҳамда бошқа кўплаб юқори мартабали шахслар қатнашган.
Изоҳ (0)