Саудия Арабистони 29 апрелдан бошлаб рухсатсиз ҳаж амалини адо этганлар ва бунга кўмаклашганларга жазо чораларини кучайтиради. Бу жаримадан тортиб депортация қилишгача бўлган чораларни ўз ичига олади. Бу ҳақда Saudi Gazette хабар берди.

Визаси тугаганларга бошпана берган ёки уларни ҳажга олиб борган шахсларга ҳам жарима қўлланилади. Макка ва Мадина шаҳрига фақат ҳаж учун махсус виза асосида киришга рухсат берилади. Бошқа ҳолларда эса қуйидагича чора қўлланилади:
1) Ҳаж ибодатини рухсатномасиз адо этаётган ёки адо этишга уринаётган шахсларга 20 000 Саудия риалигача (5,3 минг АҚШ доллари) жарима солинади. Макка шаҳри ва муқаддас жойларга киришга ёки у ерда қолишга уринган барча турдаги ташриф визалари эгаларига ҳам худди шундай жазо қўлланилади.
2) Рухсатсиз ҳаж қилган ёки қилишга уринган шахс номидан ташриф визаси олганлар, ёки белгиланган даврда Маккага кирган/яшаганлар учун ҳам 100 000 Саудия риалигача (тахминан 26 минг АҚШ доллари) жарима қўлланилади.
Ҳаж мавсумида ташриф визасига эгаларни Макка шаҳри ва муқаддас зиёратгоҳларга олиб борган ёки бунга уринган, шунингдек, уларга меҳмонхоналар, квартиралар,бошпаналар ёки ҳаж зиёратчиларининг турар жойларида бошпана берган ёки беришга уринган шахслар ҳам 100 000 риалигача жарима тўлайди. Бу жарима яширинган ва бунга ёрдам берган одам учун алоҳида бўлади.
3) Рухсатсиз Маккага кириб ҳаж қилишга уринган шахслар, хоҳ улар резидент бўлсин, хоҳ визаси тугаган шахслар, ўз мамлакатига депортация қилинади ва 10 йил давомида Саудия Арабистонига кириш тақиқланади.
4) Рухсатномага эга бўлмаганларни ҳаж учун Макка ва муқаддас жойларга олиб борган қуруқликдаги транспорт воситалари суд орқали мусодара қилинади.
Саудия Арабистони Туризм вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилги ҳаж мавсумига тайёргарлик доирасида Маккадаги барча яшаш жойларига “ҳаж учун рухсатнома ёки ҳаж даврида шаҳарга кириш, иш ёки яшаш ҳуқуқини берувчи расмий рухсатномага эга бўлмаган шахсларни жойлаштириш” қатъиян ман этилган. Юқоридаги тақиқ 10 июнь куни зиёрат тугагунига қадар давом этади.
Изоҳ (0)