Саудия Арабистони Ўзбекистон фуқаролари учун онлайн сайёҳлик (турист) виза олиш имкониятини ёпиб қўйди.
Бундан ташқари, Тожикистон ҳам бу имкониятдан маҳрум қилинган. Саудия ҳукумати бу борада расмий изоҳ бермаган.
Саудия Арабистони Туризм вазирлигининг “Дарё”га маълум қилишича, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун электрон визага мурожаат қилиш вақтинчалик, ҳаж мавсумида тўхтатилган.
“23 апрелдан 9 июнга қадар электрон визага мурожаат қилиш хизмати вақтинча тўхтатилади. Бу муддат ичида Саудия Арабистонига саёҳат қилишни хоҳловчилар ўз мамлакатларидаги элчихоналар ёки ваколатли виза идоралари орқали виза олишга ариза топширишлари мумкин. Бундан ташқари, амалдаги Шенген, Буюк Британия ёки АҚШ визаларига эга саёҳатчилар, шунингдек, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ёки АҚШ резидентлари Саудия Арабистонига кириш пунктларида виза олишлари мумкин”, дейилган маълумотда.
Маълумот учун, 2025 йилги ҳаж мавсумида Ўзбекистон фуқаролари учун 15 минг дона квота ажратилган.
2023 йилнинг августида Ўзбекистон фуқаролари Саудия Арабистонига электрон виза олиш имконига эга бўлганди. Ўзбекистонликлар 146 доллар эвазига Қироллик туризм вазирлигининг махсус портали орқали онлайн виза олиши мумкин эди.
Ушбу виза билан йил давомида Умра ҳамда мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш мумкин бўлиб, амал қилиш муддати 90 кунни ташкил қилиши айтилганди.
Апрель ойининг ўрталарида Тошкентда тўрт кишини ҳажга жўнатиш учун 23,6 минг доллар олган шахс ушланганди. Шунингдек, пойтахтда ўтказилган тезкор тадбирда сохта сайёҳлик фирмалари фаолиятига чек қўйилганди.
Ўзбекистонда 2025 йил 1 сентябргача “Ҳаж ва умра ягона портали” ҳамда унинг мобил иловасини ишлаб чиқилади. Бу орқали фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш жараёнида ортиқча бюрократик тартиботларни бартараф этиш мақсад қилинган.
Изоҳ (0)