Афғонистон олтин бозорларида бир грамм араб олтинининг нархи 100 АҚШ долларига етди. “Дарё” мухбири Мозори Шарифдаги қатор тилла сотувчилар ва харидорлар билан суҳбатлашди.
Мозори Шарифдаги аҳоли вакиллари иқтисодий қийинчиликлар туфайли тўй ва унаштириш маросимлари учун олтин сотиб олишга қурби етмаётганини маълум қилган. Аҳоли мамлакат бозорларида олтин нархи пасайишига умид билдирмоқда.
Мозори Шарифда истиқомат қилувчи Дин Муҳаммад исмли йигит “Дарё” мухбири билан суҳбатда олтин нархи аввалгига қараганда анча қимматлашганини айтган.
“Тўй қилаётганимиз учун бугун олтин бозорига келдим, ўтган кунлар билан солиштирганда бугун ўзгаришлар катта, олтин нархи кескин ошган, менда иқтисодий муаммолар бор, одамларда ҳам пул кам, олтин сотиб олиш жуда қийин”, дейди Дин Муҳаммад.
Мозори Шарифнинг яна бир фуқароси Нур Муҳаммаднинг айтишича, Кувайт олтини деб аталадиган араб олтинлари ҳам нархи мисли кўрилмаган даражада кўтарилган. “Одамлар қиммат нархга олтин сотиб ололмайдилар умид қиламанки, олтин нархи пасаяди”, деди Нур Муҳаммад.
Олтин сотувчилар ҳам мамлакат бозорларида олтин нархининг ошиши туфайли савдо бозори заифлашганидан шикоят қилмоқда.
Мозори Шарифда олтин сотувчи Лаъл Муҳаммад жаҳон бозорида олтин нархининг ошиб бораётгани олтин олувчилар сонининг камайгани ва одамлар олтинни сотиб олишдан кўра кўпроқ сотишга қизиқаётганини айтди.
Лаъл Муҳаммаднинг сўзларига кўра, олтин харидорларнинг аксарияти аёллардир, сўнгги пайтларда аёллар сотиб олиш ўрнига, ўзларига тегишли бўлган олтин тақинчоқларни сотишмоқда.
Мозори Шарифдаги олтин сотувчилар олтин нархининг ошишини дунёдаги турли сиёсий ва тижорат омиллари, жумладан, Хитой ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий таранглик билан изоҳламоқда. Олтин сотувчиларнинг фикрича, Афғонистон бозорларида олтин нархининг ўзгариши унинг жаҳон бозорларидаги нархининг ўзгариши билан боғлиқ.
Мозори Шарифдаги олтин сотувчилар сўзларига кўра, айни пайтда Мозори Шариф бозорларида 18 каратли олтиннинг 1 грамми 6 минг 300 афғонидан, 21 карат олтиннинг 1 бир грамми 7 минг 300 афғонидан, Эрон олтини эса 4 минг 400 афғонидан сотилмоқда.
Изоҳ (0)