Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази март ойи якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришлар таҳлилини тақдим этди.

Маълум қилинишича, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик кетма-кет иккинчи ой пасайишда давом этмоқда. Март ойида битимлар ҳажми 8,8 фоизга камайиб, 20,4 мингтани ташкил этди.
Шунга қарамай, бозор йиллик кўрсаткичларда барқарор ўсишни кўрсатмоқда – март ойида тузилган битимлар сони 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга ошди. 2025 йилнинг I чораги якунларига кўра, битимлар умумий сони 68,4 мингтага етиб, ўтган йилга нисбатан 10,8 фоизга ўсди.

Ҳудудий динамика
Фаолликнинг энг сезиларли ўсиши Жиззах (34 фоиз) ва Навоий (29 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Шу билан бирга, 2021 йилда тизимли кузатувлар бошланганидан буён биринчи марта, биринчи чорак якунига кўра, бирон бир ҳудудда савдо ҳажмининг пасайиши қайд этилмади.
Иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари
Март ойида мамлакатда иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи февраль ойи даражасида қолди. Йиллик ҳисобда республикада бир квадрат метр уй-жой нархи 0,9 фоизга ошди. Ҳудудлар кесимида энг сезиларли ўсиш Жиззах (12,3 фоиз), Сурхондарё (10,7 фоиз) ва Қашқадарё (8,5 фоиз) вилоятларида кузатилди.
Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозоридаги вазият
Март ойида Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 0,6 фоизга, бирламчи бозор нархлари эса 0,4 фоизга камайган.
Ўтган йилнинг март ойига нисбатан иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 5,7 фоизга камайган бўлса, бирламчи уй-жой сегментида пасайиш 3,7 фоизни ташкил этди.
Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳри бўйича иккиламчи уй-жой нархида энг катта пасайиш Миробод (8 фоиз), Чилонзор (8,7 фоиз) ва Яшнобод (7,5 фоиз) туманларида кузатилди.
Янги уйлар нархларида ҳам пасайиш кузатилди. Йил давомида бир квадрат метр учун ўртача нархларда энг сезиларли пасайиш Шайхонтоҳур (14,7 фоиз), Учтепа (11 фоиз) ва Юнусобод (6,7 фоиз) туманларида қайд этилди.
Уй-жой ижара бозори
Март ойида Тошкент шаҳрида ижара нархларида ўзгариш кузатилмади ва ўртача ижара нархи 8 долларни (бир квадрат метр учун) ташкил этди.
Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10 долларни ташкил этади.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ижара нархи йиллик ҳисобда 7,4 фоизга пасайган. Нархларнинг энг катта пасайиши Мирзо-Улуғбек, Яшнобод ва Чилонзор туманларида қайд этилиб, пасайиш суръати ўртача 10 фоизга етади.
Ўзбекистонда уй-жой бозори
Аввалроқ Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари республикада уй-жой ва ипотека бозоридаги фаоллик даражасини таҳлил қилганди. Унга кўра, 2024 йилнинг III чорагида Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди. Хусусан, июль сентябрь ойларида кўп қаватли уйлардаги квартиралар олди-сотдиси учун 41 861 та шартнома расмийлаштирилган. Ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг мос давридагига нисбатан 3362 тага (7,4 фоизга) кам.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, октябрь ойида кўчмас мулк бозорининг ҳудудлар кесимидаги динамикаси Тошкент вилоятида (+10 фоиз) сезиларли ўсди, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси (+8,1 фоиз) ва Жиззах вилоятида (+7,5 фоиз) ижобий ўзгаришларни кўрсатди.
Таҳлиллар тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари ва аҳоли тасарруфидаги даромадлар уй-жой бозорига таъсир этувчи муҳим омиллар эканлигини кўрсатди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 ноябрдаги қарори билан уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қарор билан субсидиялар билан қопланадиган фоиз тўловлари миқдорига ҳам ўзгартириш киритилди. Эндиликда янги кредитлар учун йиллик 12 фоиздан юқори қисми, 2025 йилдан бошлаб эса Марказий банкнинг асосий ставкасидан ортиқ қисми қопланади.
Бошланғич тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан беш иш куни ичида тўланади.
Изоҳ (0)