Испания ва Португалияда кенг миқёсли электр таъминоти узилиши қайд этилди. Темир йўл ва автомобиль қатнови издан чиққан, светофорлар ишламаяпти. Метро ёпилган. Содир бўлган ҳодисанинг сабаблари аниқланмоқда. Бу ҳақда Euronews хабар бермоқда.

Таъкидланишича, ҳодиса Испания, Португалия, шунингдек, Нидерландия, Андорра ва Франциянинг Басклар минтақасининг айрим ҳудудларига таъсир кўрсатган. Пиреней ярим оролида миллионлаб одамлар электр энергиясиз қолган.

Қайд этилишича, Испания ҳукумати фавқулодда мажлис ўтказмоқда, инқирозга қарши қўмита тузилган. Каталония ҳукумати раҳбари Салвадор Илья бутун кун тартибини бекор қилиб, беш вазир, Моссос д’Эсқуадра минтақавий полицияси раҳбарияти, фуқаро мудофааси, фавқулодда хизматлар ва киберхавфсизлик агентлиги вакилларидан иборат инқироз кабинетини чақирган.
Португалия ҳукумати электр таъминоти узилиши билан боғлиқ вазиятни кузатиш учун ишчи гуруҳ ташкил этган. Уларнинг таъкидлашича, муаммо “мамлакат ташқарисида” юзага келган бўлиши мумкин.
Бир вақтнинг ўзида бир нечта мамлакатда электр таъминоти узилишининг аниқ сабабини ҳеч ким айтмаяпти. Тахминларга кўра, бу хакерлик ҳужуми бўлиши мумкин. Баъзилар аллақачон Рим папаси Францискнинг вафотидан сўнг ваъда қилинган “қиёмат” бошланаётганини таъкидлашмоқда. Энергия компаниялари кенг кўламли узилишни бартараф этишга уринмоқда.
Ҳозирги вақтда мутахассислар электр таъминотини тиклаш ва носозлик манбайини аниқлаш ишларини давом эттирмоқда.
Ред Элécтриcа компаниясининг маълумотларига кўра, носозлик оқибатларини бартараф этиш учун 10 соатгача вақт талаб этилиши мумкин. Маҳаллий ҳокимият органлари аҳолини зарур бўлмаган саёҳатлардан тийилишга чақирмоқда.
Жорий йилнинг февраль ойида Шри Ланкадаги электр подстанциясига кириб қолган маймун мамлакат бўйлаб электр таъминотида узилишига сабаб болганди. Шунингдек, февраль ойи охирги кунларида Чилида уй хўжаликларининг қарийб 80 фоизи электр таъминотисиз қолган, бутун мамлакат бўйлаб блекаут юз берган эди.
Апрель ойида эса Пуэрто-Рикода юз берган электр таъминотидаги узилишлар 1,4 миллион аҳоли ҳаётига салбий таъсир кўрсатганди. Пуэрто Рикода 30 декабрдан 31 декабрга ўтар кечаси ҳам авария натижасида мамлакатдаги барча электр станциялари ишдан чиқиб, умумий электр таъминотида узилиш юз берганди.
Канаданинг шарқий қисмида юз берган музли циклон Онтариода 350 мингдан ортиқ кишини электрсиз қолдиргани ҳақида хабар қилинганди.
Изоҳ (0)