Исландия мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни қайта бошламоқчи. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

НАТОга асос солган давлатлардан бири бўлган Исландия доимий қуролли кучларга эга эмас ва Европа Иттифоқи таркибига ҳам кирмайди. Ўнлаб йиллар давомида исландияликлар тинч ва олис ҳудудларда ҳаёт кечирган. Совуқ уруш даврида уларнинг Гренландия ва Норвегия ўртасидаги музли сувларда жойлашуви НАТО учун Совет ҳарбий кемаларини кузатиш имконини берувчи база вазифасини бажарган. Бироқ аҳоли ҳарбий таҳдидлар ҳақида деярли ташвишланмаган.
Таъкидланишича, бугунги кунда Исландия Россиянинг ҳарбий фаолияти кучайиши ва АҚШ президентининг Гренландияни қўлга киритиш нияти билан боғлиқ ортиб бораётган хавф-хатарларга дуч келмоқда.
2014 йилда Россия билан муносабатлар кескинлашганда, америкалик амалдорлар Рейкявикдан ташқаридаги инқирозга учраган Кефлавик авиабазасини қайта тиклашни таклиф қилган. Исландия бу таклифни дарҳол қабул қилган ва орол атрофидаги ҳарбий инфратузилмага сармоя киритишни бошлаган.
Гренландия ва Исландия АҚШ ички хавфсизлик стратегиясида муҳим ўрин тутади. Гренландия Россия ракеталарини эрта аниқлашда ва АҚШ мудофааси учун стратегик аҳамиятга эга. Россиянинг сувости кемалари Америкага ҳужум қилишдан олдин Исландия яқинида саф тортиши керак бўлади — НАТО буни “Гренландия—Исландия—Буюк Британия чизиғи”, деб атайди.
Исландия узоқ вақт Арктикани ҳарбийлаштиришдан сақлашга ҳаракат қилган. Аммо ҳозир вазият ўзгарган ва исландияликлар мудофаани қандай кучайтириш мумкинлигини ўйлаб кўрмоқда.
Исландияда ҳеч қачон армияга жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлов бўлмаган ва яқин келажакда ҳам бўлиши кутилмайди. Бу биз фаол мудофаа ва фаол иттифоқларга эга бўлолмаймиз дегани эмас. Мудофаа жуда муҳим, деди мамлакат бош вазири Криструн Фростадоттир.
Социал-демократик партия раҳбари сифатида Фростадоттир Исландиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлайди. Унинг сўзларига кўра, исландияликлар Гренландия билан ўрнатилган яқин алоқалар ва атрофдаги воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда.
The Wall Street Journal нашрига кўра, Трампнинг Гренландияни қўлга киритиш ҳақидаги таҳдидлари исландияликлар орасида асабийликни кучайтирмоқда. Фростадоттир эса Исландия фуқаролари Европа Иттифоқи билан музокараларни қайта тиклаш бўйича эҳтимолий референдумни Европа ва АҚШ ўртасидаги танлов сифатида қабул қилмасликларини истайди.
Изоҳ (0)