Англия терма жамоаси ва кўплаб клублардаги фаолияти билан машҳур бўлган швециялик Свен-Йоран Эрикссон 76 ёшида вафот этди.
Январь ойида Свен-Йоран Эрикссонда терминал босқичдаги саратон борлиги маълум бўлди. Ўтган ҳафта Эрикссон футбол билан таъсирли равишда хайрлашганди:
“Яхши ҳаёт кечирдим. Ўйлашимча, ҳаммамиз оламдан ўтадиган кунимиздан қўрқамиз, лекин, ҳаёт — бу ўлим ҳам демакдир. Биз уни борича қабул қилишни ўрганишимиз керак.
Сиз мени қўлидан келган барча ишни қилишга уринган самимий инсон сифатида эслаб қоласиз, деб умид қиламан. Хафа бўлманг, табассум қилинг. Ҳаммаси учун раҳмат, мураббийлар, футболчилар, мухлислар. Ҳаммаси ажойиб ўтди. Ўзингиз ва ҳаётингиз учун ғамхўрлик қилинг ва унда яшанг. Хайр!”
Эрикссоннинг агенти томонидан берилган баёнотда, Свен-Йоран душанба куни эрталаб оиласи даврасида вафот этгани айтилади.
“Гётеборг”, “Бенфика”, “Рома”, “Сампдория”, “Лацио”, Англия терма жамоаси ва “Манчестер Сити” – мураббий ишлаган жамоаларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхати.
Эрикссон 34 ёшида УЕФА Кубогини қўлга киритган. Бу швед клублари учун биринчиси эди.
Эрикссон узоқ вақт порлаб турган: 80 йилларда энг юқори даражаларга кўтарилган ва буни жуда ёрқин тарзда амалга оширган. Футболчилик фаолияти ажойиб кечмаган: у бутун фаолиятини Швеция футболининг қуйи дивизионларида ўтказган ва тиззасидаги жароҳат туфайли 27 ёшида буцаларини михга илган.
Уч йилдан кейин Свеннис — яқинлари уни шундай аташарди — учинчи дивизионда “Дегерфорс”да мураббийлик фаолиятини бошлади. Ёш мутахассиснинг мураббийлик услубига Швецияга келган инглизлар Рой Ҳожсон ва Боб Ҳьютон кучли таъсир кўрсатди. Уч йилда Эрикссон бошчилигидаги камтарин клуб олий лигага кўтарилди.
Ушбу ютуқлар эътибордан четда қолмади — Свенни ўша пайтда ҳолати унчалик яхши бўлмаган “Гётеборг” жамоасига таклиф қилишди. Ёш мураббий уч мавсумда жамоа билан бирга иккита Швеция Кубоги ва ҳатто 1981/82 УЕФА Кубоги ғолиблини ҳам қўлга киритди.
Финалда улар 4:0 ҳисобида “Гамбург”ни мағлуб этишди, бу жамоада Хорст Хрубеш, Манфред Калц ва Феликс Магат каби футболчилар ўйнаган ва уларни Эрнст Хаппел бошқарган. Бу швед футболи учун биринчи Еврокубок эди.
Ва шуни таъкидлаш керакки, ўша пайтда Свен-Йоран 34 ёшда эди — ҳақиқий вундеркинд. Кейинчалик бу рекордни Андре Виллаш-Боаш янгилайди, у 2011 йилда “Порту” билан УЕФА Кубоги финалига чиққан пайтда ярим йил ёшроқ бўлган. Лекин 30 йил давомида бу рекорд швед мураббийи ва “Гётеборг” томонидан ушлаб турилган.
“Бенфика”да Эрикссон Чемпионлар Кубоги финалигача етиб борди ва Юраннинг ҳаётини сақлаб қолди.
“Гётеборг”нинг истиқболли мураббийи “Бенфика”га ўтди. Эрикссон илк хорижий клубида иккита чемпионлик ва кубокни қўлга киритган. Бундай натижалар билан у топ лигага ўтишга лойиқ эди — швед мутахассиси А Серияни ва пойтахтнинг “Рома” клубини танлади.
80 йиллар охирида Эрикссон Лиссабонга қайтди. У Чемпионлар Кубоги финалигача етиб борди (Арриго Саккининг “Милан”ига ютқазган), авлодлар алмашинувини амалга оширди (Руи Кошта ва Пауло Соузани асосий таркибга жалб қилди) ва Сергей Юраннинг ҳаётини сақлаб қолди.
Юраннинг ўзи шундай ҳикоя қилади:
“Пасха байрамида чемпионатда танаффус бўлди, мен Москвага дўстларимнинг ёнига учишни ўйладим. Улар жиноий гуруҳларга алоқадор эди – ўша пайтларда улар билан шоу-бизнес, футбол ва хоккей вакиллари мулоқот қиларди... Одатда, улар мени аэропортда кутиб олишарди, кейин биз ҳаммомга борардик, сўнг ресторанларга. Аммо ўша сафар Эрикссон мени қўйиб юбормади ва ўшанда йигитларни ҳаммомда отиб кетишганини эшитдим. Бундан хабар топгач, бошимни ушлаб қолгандим — агар мураббийим бўлмаганида, мен ҳам ўша ерда бўлардим: у ерда ҳеч кимни ачишмаган, ҳатто, ходимларни ҳам ўлдиришган”.
Сергей шундай давом эттиради:
“Эрикссонга бу ҳақида ҳеч нарса демадим, лекин ҳар доим учрашганимизда унга ичимдан миннатдорчилик билдирардим. Қатъий равишда ундан мени қўйиб юборишни сўрагандим, аммо у аниқ қилиб: “Олдинда муҳим ўйин бор. Кейинги сафар юбораман”, деганди. — “Лекин Пасха катта байрам. Илтимос!”. – “Йўқ”.
80 йилларда Свен-Йоран Анчелотти ва Бажжо билан ишлаган. Роберто – унинг севимли ўйинчиси.
Биз швециялик мураббийнинг А Серияга биринчи бор ташриф буюриши билан боғлиқ даврни ўтказиб юбордик. Гарчи жамоада бразилияликлар, Фалкао ва Тониньо Сересо бўлган майдон марказида эса 26 ёшли Карло Анчелотти ўйнаган бўлса-да, “Рома”да дастлаб муваффақият қозониш қийин бўлган. Шведнинг таъкидлашича, “Ливерпуль”га қарши 1984 йилги Европа Чемпионлар Кубогининг финалида мағлубият футболчиларнинг руҳиятини тушириб юборган.
Свен Римда ўтказган икки йили давомида кумуш медал ва Италия Кубоги каби совринларни қўлга киритди. Бу 40 ёшга тўлмаган мураббий учун ёмон эмас эди.
Римдан кейин “Фиорентина”даги бир неча муваффақиятсиз мавсумлар бошланди — у ерда швециялик мураббий ҳеч қандай соврин қўлга киритмади. Бироқ, Эрикссон хафа бўлмади, чунки у ерда энг истеъдодли ўйинчиларидан бири — Роберто Бажжо билан танишди.
“Унда ҳаммаси бор эди: техника, майдонни кўриш қобилияти, тезлик. Бизнинг илк ўйинларимиздан бирини эслайман — Арриго Саккининг “Милан”ига қарши. Ўша пайтда икки марта майдоннинг нариги тарафига ўтдик, икки марта ҳам гол урдик. Бажжо биринчи голда иштирок этди ва иккинчи голни ўзи урди”, — деб эслайди мураббий. Шунингдек, рақиб жамоада Мальдини, Барези, Костакурта ва Тассотти каби футболчилар борлигини қўшимча қилди.
“Фиорентина”даги иккинчи мавсумда Бажжо Стефано Боргоново билан кучли жуфтлик ташкил этди (жамоанинг А Сериядаги голларининг ярмидан кўпроғини урган) ва майдон марказида Дунга пайдо бўлди, Эрикссон жуда мамнун эди. У УЕФА Кубогига ўтганини яхши натижа деб гапирганди.
Шундан сўнг Свен-Йоран Италияни тарк этди ва Португалияга қайтди, аммо қисқа муддатга.
90 йилларда Эрикссоннинг А Сериядаги фаолияти: “Сампдория” билан соврин ютди ва тарихдаги энг яхши “Лацио”ни қурди
1992 йилда Эрикссон яна А Серияга қайтди — уни 90 йилларнинг биринчи ярмидаги энг кучли клубларидан бири “Сампдория”га таклиф қилишди. Клуб эгаси Паоло Мантовани швециялик мураббийга генуяликлар “Милан” ва “Ювентус” билан молиявий жиҳатдан рақобатлаша олмаслигини очиқчасига айтди, шунда ҳам Свен-Йоран бу таклифни қабул қилди. Жамоадан кетган Виалли ўрнига ёш Зеедорф, Кьеза ва Веронга имкон берилди.
Шунингдек, жамоада Гуллит, Михайлович ва Манчини ўйнаган. Яхши таркиб йиғилган эди, аммо фақат битта соврин қўлга киритилди — 1994 йилда Италия Кубоги. Бу соврин ҳозирги кунгача “Сампдория” учун охиргиси бўлиб қолмоқда.
1997 йилда Эрикссонни “Лацио” ўзига жалб этди. Мураббий билан бирга аввал Манчини, сўнгра Михайлович ҳам кетди. Вазифалар ҳам жиддий эди – сўнгги бор 70 йилларда қўлга киритилган скудеттони қайтариш. Дастлаб, Эрикссон жамоанинг юлдузи Беппе Синьорани ҳайдади, тиффози ва хўжайинлар бундан мамнун бўлмади.
“Мен у билан ҳеч нарса эришолмасдим — яхши ҳужумчи, лекин характери яхши эмас. У доимо шикоят қиларди. Нимадир тушунмовчилик бўлганда, ҳар гал бу “Юве” ёки “Милан” эмаслигини таъкидларди”.
Дастлабки мавсумида Эрикссоннинг юлдузли “Лацио”си Италия Кубогини қўлга киритди ва УЕФА Кубоги финалига чиқди ва фақатгина гений Роналдога ютқазди. Швециялик мураббий буни характер етишмаслиги билан боғлади ва бу муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилди.
“Ҳа, Роналдо баъзи ўйинларни ўзи ютиб берди, лекин муаммо бошқа ерда эди. УЕФА Кубоги финалидан бир неча кун олдин биз Италия Кубогини қўлга киритдик — бу “Лацио” учун 20 йилдан ортиқ вақт ичидаги биринчи соврин эди”.
Эрикссон жамоага ғолиблик руҳиятини сингдирган. 1998/99 мавсумда “Лацио” тарихидаги сўнгги Кубок эгалари Кубоги совринини қўлга киритди, финалда Эктор Купер бошчилигидаги “Мальорка” мағлуб этилди. Кейинги мавсум — 1999/00 йилги мавсум — Рим клубининг тарихидаги энг муваффақиятли йил бўлди. Бу ерда скудетто қийинчиликсиз қўлга киритилди ва Италия Кубоги ғалаба қозонилди. “Чемпионликни расмийлаштиргандан сўнг дарҳол Кубок финалида ўйнадик ва мен мағлубият кутган эдим, — деб тан олган Эрикссон. — Ўйиндан олдин мен дўстим Марчелло Липпи билан гаплашдим. У бизга бу мавсумда рақибларга ҳеч бўлмаса бирор нарсани ютишга рухсат беришимиз кераклигини ҳазил қилганди. Мен эса А Сериядаги ғалабадан кейин машғулот ўтамаганимизни айтдим.
Аммо биз икки ўйин натижасига кўра ғалаба қозондик. Бу, жамоанинг икки йил ичида қандай ўзгарганини кўрсатади”.
2000/01 йилги мавсумга тайёргарлик пайтида Свен-Йоран Чемпионлар Лигасини кўзлаган эди. Юлдузли таркибга Креспо ва Клаудио Лопес қўшилди. Аммо рим клубидаги шартномани охирига етказиш имкони бўлмади. Октябрь ойида Эрикссон Англия миллий терма жамоасига таклиф олган эди. У розилик берди, аммо фақат 2001 йилнинг ёзидан иш бошлашини айтди. Бироқ, Рим клубининг мухлисларига бу ёқмади, жамоа ҳам ёмонлашди. Швециялик мураббий январь ойидаёқ клубдан кетди.
У вақтида жамоани тарк этган экан. Тез орада “Лацио”да молиявий муаммолар бошланди ва юлдузли таркиб парчаланиб кетди.
Свен-Йоран Англия миллий терма жамоасида: уч маротаба Сколарига мағлуб бўлди ва можароларга аралашиб қолди
“Агар бу таклифдан бош тортган бўлсам, бутун ҳаётим давомида афсусланиб ўтган бўлардим”, – деган Свен-Йоран нега юлдузли “Лацио”дан Англия терма жамоасига ўтгани ҳақидаги саволларга.
Бекҳэм—Жеррард—Лэмпард—Оуэн каби “Олтин авлод” кучли мураббийга эҳтиёж сезган эди.
Ҳаммаси умидбахш тарзда бошланди: биринчи ўйинда Испания 3:0 ҳисобида мағлуб этилди ва 2001 йилнинг кузида Германияни 5:1 ҳисобида таслим этди. 2002 йилги Жаҳон Чемпионатига катта умидлар билан боришди, лекин чорак финалда Бразилияга имконият бой берилди.
Кейинги катта турнир, 2004 йилги Евро ҳам чорак финалда ўз интиҳосини топди. Ўша пайтда Португалия дарвозабони Рикарду инглизларга қарши пенальтилар сериясида ажойиб ҳаракат қилди ва ҳал қилувчи тўпни ўзи тепид. Турнирдан сўнг инглиз медиаси мураббийни танқид остига олди. Шунингдек, Эрикссон низоларга аралашиб қолди: журналист-пранкерга агар “Астон Вилла” араб шайхлари қўлига ўца, клубга ўтишга тайёрлигини айтган.
Евродан кейин инглиз таблоидлари мураббийнинг шахсий ҳаётидаги нохуш тафсилотларни ошкор қила бошлади: Эрикссон Англия Футбол Ассоциацияси ходими Фария Алам билан ишқий алоқада бўлгани эълон қилинди. Қизиқарли томони шундаки, швед бу вазиятдан чиқиб кета олди — ҳам ишини, ҳам италиялик Ненси Дел’Оллио билан муносабатларини сақлаб қолди.
Аммо 2006 йилги Жаҳон Чемпионати Эрикссоннинг Англия терма жамоасидаги сўнгги турнири бўлиши олдиндан маълум эди. Швециялик мураббийнинг 2008 йилги Еврода ҳам Англия термасини бошқариши кўзда тутилган эди. Тарафлар низолар бу қарорга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганини ва шунчаки хайрлашиш ва янги имкониятларни излаш ҳақида келишганини айтишди.
Германияда Англия терма жамоаси одатдаги натижаларни кўрсатди: гуруҳ босқичидан чиққан терма чорак финалда Португалияга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди. Бу сафар ҳам Рикардуга қарши қийин кечган учрашув. Эрикссон катта турнирларнинг учаласида ҳам Луиз Фелипе Сколарига мағлуб бўлди.
Кейинчалик Эрикссон 2006 йилги мундиалда психологни ўзи билан олиб кетмагани учун афсусланди — инглизлар таркиби жуда кучли эди, аммо Португалия билан ўйиндаги муаммолар айнан ментал ҳолат билан боғлиқ эди.
Эрикссон “Сити”да ишни ажойиб бошлади, аммо клуб хўжайини билан жанжаллашиб, “Миддлсбро”га 1:8 ҳисобида ютқазиш билан якунлади.
Свен-Йоран Эрикссон Жанубий Африка ёки Ямайка терма жамоасига бош мураббий бўлиши мумкилиги ҳақида миш-мишлар тарқалганди, бироқ якунда у АПЛга ва бой клубга ўтди. Таиландлик миллиардер Таксин Чинаватт “Ман Сити”ни сотиб олиб, швед мураббийни олиб келди. Ибтидо жуда яхши бошланганди: 2007/08 йилги мавсумнинг дастлабки уч турида учта ғалаба ва дарвозани қуруқ сақлаш — шу жумладан амалдаги чемпион “Манчестер Юнайтед”га қарши ўйиндаги ғалаба.
Эрикссон, ҳаттоки, АПЛда ойнинг энг яхши мураббийи ҳам бўлган.
“Сити” бутун мавсум давомида Еврокубокларга йўлланма берувчи ўринларда юрди. Лекин баҳорда Чинаватт ва жамоада муаммолар бошланди. Кетма-кет ёмон натижалар қайд этилди, таиландлик хўжайин Эрикссонни ишдан бўшатишга тайёр эканини билдирди ва Свен-Йораннинг сўнгги ўйинида жамоа “Миддлсбро”га 1:8 ҳисобида ютқазди. Мураббийнинг фикрича, жамоа унинг мавсум охирида ишдан бўшатилиши ҳақидаги хабарни билганида мотивациясини йўқотган.
“Чинаваттнинг асосий муаммоси — у ҳар ўйинда ғалаба қозонишимиз кераклигини ўйларди, — эслайди Свен-Йоран. — “Манчестер Юнайтед”ни мағлуб этиш унинг учун оддий нарса бўлиб қолди. Менимча, у футболни умуман тушунмасди. Ғалаба қозонганингда, у сени қучоқлаб, хурсанд бўларди, лекин мағлубиятлардан сўнг ҳафталаб саломлашмасди.
Ишдан бўшатилаётганимда биз суҳбатлашдик. Мен ундан нима учун ишдан бўшатилаётганимни сўрадим, аммо жавоб олмадим”.
Швециялик мураббий 1:8 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг ҳам қўллаб-қувватланарди: “шаҳарликлар”нинг 14 минг мухлиси Эрикссонни истеъфога чиқарилмаслиги сўраб, петицияга имзо йиғган.
Эрикссон Осиёда: 10 йилдан кам вақт ичида “Лестер”дан Филиппин терма жамоасигача
Шундан сўнг Эрикссоннинг карьерасида узоқ муддатли, десак бўлади, истеъфодалик даври бошланди. У Мексика терма жамоаси қисқа ва унчалик муваффақиятли бўлмаган фаолият олиб борди, олти ой давомида шарқий инвесторлар келган “Нотц Каунти”да спорт директори бўлиб ишлади ва 2010 йилги Жаҳон Чемпионатида Кот-д’Ивуарнинг терма жамоаси устози сифатида иштирок этганди. Бироқ терма жамоа гуруҳдан чиқа олмади.
2010 йил октябрда Свен-Йоран яна бир осиёлик инвестор лойиҳасида иш бошлади — Чемпионшипда таиландлик миллиардер Вишай Шриваддҳанапрабҳа сотиб олган янги “Лестер” жамоасини бошқаришга рози бўлди. Премьер Лигага чиқиш вазифаси бажарилмади, бироқ айнан Эрикссон клубга Каспер Шмейхелни олиб келганди. Қизиқарли томони шундаки, швециялик мураббий харид қилган бошқа бир дарвозабон Португалия посбони Рикарду эди.
Шунга қарамай, трансферлар Свен-Йораннинг “Лестер”ни АПЛга чиқишига ёрдам бермади — 2011 йил октябрда Эрикссон истеъфога чиқарилди.
Шундан сўнг, Англия терма жамоасининг собиқ мураббийи Шарққа йўл олди. Аввал Таиланд клубида техник директор сифатида ишлади, сўнгра БАА клубини бошқарди. Кейин эса тўрт йил давомида Хитой клубларига мураббийлик қилди — дўсти Липпига қўшилиб, Суперлигада ишлаш учун кўчиб ўтди. Бироқ, у ерда ҳам ҳеч қандай чемпионлик ёки катта муваффақиятларга эришилмади.
Эрикссоннинг мураббийлик фаолиятидаги сўнггиси Филиппин терма жамоаси бўлди (2018 йил). Бу ерда Свен-Йоран фақатгина 9 та ўйин ўтказди ва улардан бештасида мағлуб бўлди.
Эрикссон фаолиятининг ушбу босқичдаги деярли барча иш жойлари ёки осиёлик инвесторлар билан боғлиқ, ёки Осиё ҳудудида жойлашган. Нега? Жавоб аниқ эмас, лекин 2019 йилда Свен-Йоран ўйлаганидек, Ҳиндистон ва Хитой жаҳон футболи учун муҳимдир — ҳозирда бу минтақаларда футбол унчалик машҳур бўлмаса-да, агар бир кун у ерда футбол катта муваффақиятга эришса, бу ҳақиқий инқилоб бўлади.
Манчини Эрикссонни ўз акаси деб ҳисоблайди. Швед – Роберто фаолиятидаги асосий мураббий
Бу 90 йиллардаги А Сериянинг энг муҳим тандеми эди. Свен-Йоран бошчилигида Роберто карьерасининг энг яхши йилларини ўтказди ва швед бошқа ҳеч қандай футболчи билан шунчалик узоқ ишламаган — унинг қўл остида футболчи 306 ўйинда иштирок этган.
Эрикссон айнан Манчини “Сампдория”га таклиф этилишининг ташаббускори бўлган дея хотирлайди. Ҳа, ўша пайтда Роберто етарли обрўга эга эди, у жамоани 1992 йилги Чемпионлар Лигаси финалига қадар олиб борган Вуядин Бошковни алмаштиришга кўндира оларди.
Ҳа, Эрикссон Бажжони ўзининг шогирдлари орасида энг истеъдодлиси деб ҳисоблаган. Лекин Манчини ҳам бу даражадан четга чиқмаган:
“Роберто — ажойиб футболчи. У майдондаги вазиятларни бошқалардан тезроқ кўрарди. Менимча, унга омад кулиб боқмаган: миллий жамоада ўша даврда Бажжо ўйнарди ва Арриго Сакки Бажжони танлаган».
Кейинроқ Манчини ва Эрикссон биргаликда “Лацио”га ўтди. Ўша пайтда Роберто Свен-Йоранни ҳайратда қолдирди — айнан чемпионлик мавсумида.
“Ўша вақтда марказий ярим ҳимоячилар билан муаммоларимиз бор эди. Манчини офисга келди ва: “Келинг, мен ярим ҳимояда ўйнайман”, — деди. Мен унга бир оз ҳимояланишга тўғри келишини айтдим. У розилик берди ва мен уни бошқа позицияда синаб кўришга қарор қилдим.
Биз Роберто билан марказий ярим ҳимояда 17 та ўйин ўтказдик ва ҳеч бирида мағлуб бўлмадик. У яккакурашларда бошқалардан кўра кўпроқ устун келарди. Натижада, биз скудетто ютдик”.
Эрикссон Манчини ҳамда Михайловични ўша жамоанинг ўзаги деб атарди ва уларнинг тез орада мураббий бўлишларини кутган.
2011 йил январида “Ман Сити” Манчини бошчилигида “Лестер”га қарши Англия Кубоги доирасидаги ўйинни ўтказди. Роберто швециялик мутахассисни акаси деб атаб, Свен-Йоран билан узоқ йиллар давомида ишлаш унинг футболчи сифатида ривожланишига ёрдам берганини таъкидлаган. “Лестер” ўша пайтда 2:2 ҳисобини сақлаб қолган ва ғолиб номи қайта ўйиндан сўнг аниқланишига эришилган.
Сўнгги йиллар Роберто учун оғир келди. Энг яқин дўстлари Виалли ҳамда Михайлович ҳаётдан кўз юмди.
Энди эса Эрикссон ҳам.
Маъруфжон Очилов таржимаси
Изоҳ (0)