Исроил Ғазо секторининг жанубидаги Рафаҳ шаҳрига авиазарбалар берди. Ҳалок бўлганлар сони 100 га етди. Бу ҳақда Аl Маyаdееn хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум оқибатида 230 дан ортиқ киши жароҳат олган. Қурбонлар ва жароҳатланганлар сони ортиши мумкин.
“Ғазо секторининг жанубидаги Рафаҳ шаҳрида Исроил армиясининг кучли зарбаси натижасида камида 100 киши ҳалок бўлди ва 230 нафардан ортиқ киши жароҳат олди”, — дейди Фаластин тиббиёт манбаларига таяниб, Аl Маyаdееn.
Исроил армияси Рафаҳдаги Аш-Шабура кварталидаги объектларига зарба берганини маълум қилди.
9 февраль куни Нетаньяху Миср билан чегарадош Ғазо секторининг жанубидаги Рафаҳ шаҳрида кенг кўламли операция бошлаш ниятида эканини маълум қилди. АҚШ Давлат департаментининг фикрича, операция ҳозир амалга оширилса, фалокат бўлади. Рафаҳда қуруқликдаги операция ўтказиш Британия ва Фаластин расмийлари томонидан танқид қилинди.
Рафаҳ Исроил ҳужуми пайтида Ғазо сектори шимолидан эвакуация қилинган 1,3 миллиондан ортиқ фаластинлик учун бошпана ҳисобланади. Уларнинг аксарияти чодир лагерларида ёки БМТ бошпаналарида яшайди.
Миср Исроил қўшинлари Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрига юборилса, Исроил билан Кемп Девид келишувларини (1979 йилги Исроил-Миср тинчлик шартномаси) тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилган. ҲАМАС эса Рафаҳга ҳужум қилинса, исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар тўхташидан огоҳлантирган.
Изоҳ (0)