Исроил АҚШнинг 40 нафар ҲАМАС гаровидаги исроиллик эвазига 800 га яқин фаластинлик маҳбусни озод қилиш таклифига рози бўлди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Ҳозирда томонлар Фаластин ҳаракатидан жавоб кутмоқда. Таклиф Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс томонидан илгари сурилган. Шартлар қаторида Исроил исроилликларни ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосини ўтаётган 100 нафар фаластинликни ҳам озод қилишга тайёр.
Бошқа масалалар, жумладан, гуманитар ёрдам етказиш ва Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторида мавжудлиги масаласи ҳалигача ҳал этилмаган.
Таъкидланишича, Исроил АҚШнинг Ғазо сектори шимолий қисмига тинч аҳолини қайтариш бўйича таклифларни муҳокама қилишга тайёр. Биринчи босқичда исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бошланганидан кейин 2 мингдан ортиқ фаластинлик анклав шимолига қайтиши мумкин бўлади.
Исроил анклав шимолидан қочган 1,3 миллиондан ортиқ фаластинлик бошпана топган Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида кенг кўламли операция ўтказишга тайёрланмоқда. АҚШ тинч аҳоли эвакуация қилинмайдиган бундай операцияга қаршилик қилмоқда.
Изоҳ (0)