Дубайга келадиган барча сайёҳлар ўз саломатлиги ҳақида ишончли маълумот тақдим этиши шарт бўлади. Амирлик аҳолиси ва меҳмонларининг саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган қонун қабул қилинди. Бу ҳақда Gulf News хабар берди.

Янги қонунга кўра, амирликка келаётган ҳар бир шахс тасдиқланган санитария протоколларига қатъий риоя қилиши ва соғлиғи ҳақида ишончли маълумот тақдим этиши шарт. Юқумли касаллик билан касалланган ёки уни юқтирганликда гумон қилинган шахсларга алоҳида эътибор қаратилади.
Сайёҳлар юқумли касаллик аломатлари пайдо бўлганда дарҳол хабар бериши, ниқоб тақиши ва ижтимоий масофани сақлаши шарт. Қонунда тиббиёт муассасалари ва аҳоли учун ҳам қатъий мажбуриятлар белгиланган.
Юқумли касалликка чалинган ёки шубҳа қилинганлар касалликни яшириши, шунингдек, Дубай Соғлиқни сақлаш бошқармаси рухсатисиз яшаш жойини тарк этиши қатъиян ман этилади. Улар бошқа одамлар билан контактга киришидан қочиши, тиббиёт ходимлари ва ваколатли органларнинг кўрсатмаларига амал қилиши шарт.
“Дубайда жамоат саломатлиги тўғрисида”ги 5-сонли қонун БАА вице-президенти, бош вазири ва Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ал Мақтум томонидан имзоланган.
Қонун “Расмий ахборотнома”да эълон қилинган кундан 90 кун ўтиб кучга киради. У илгари қабул қилинган ва унга зид бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилади. Қонунни амалга оширишда давлат ва хусусий секторлар ўртасида фаол ҳамкорлик талаб этилади.
Изоҳ (0)