Хоразм вилоятида 7-синф ўқувчиси тунги клубда раққосалик қилаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят ИИБ жиноят тезкор қидирув бошқармаси ходимлари томонидан Урганч шаҳрида фаолият олиб борувчи тунги клубларда рейд тадбирлари олиб борилган.
Рейд давомида тунги кўнгилочар масканлар раҳбарлари ва ишчиларига нисбатан жами 24 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Клубларда лицензиясиз раққосалик билан шуғулланиш бўйича 23 та ҳолат аниқланиб, маъмурий баённомалар ҳужжатлаштирилган.
Тунги клублардан бирида раҳбар 14 ёшли мактаб ўқувчисини раққосалик қилишига йўл қўйиб келаётгани аниқланиб, раҳбарга нисбатан МЖтКнинг 188-моддаси (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва белгиланган тартибда тушунтириш ишлари олиб борилди.
Вояга етмаган қиз эса тунги клубда ижтимоий хавфли аҳволда қаровсиз ва назоратсиз қолгани аниқланиб, Хоразм вилояти ИИБга қарашли бўлган вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
Бундан бир неча йил аввал Жиззахда тўйхонанинг иккинчи қаватида ноқонуний фаолият юритиб келган тунги клуб фаолиятига чек қўйилган эди.
Изоҳ (0)